Фото: Anadolu
Исроилнинг уч нафар вазири ҲАМАС билан эришилган келишувга норозилик сифатида истеъфога чиқди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ўт очишни тўхтатиш битими тузилгандан сўнг истеъфога чиққанини айтди. У раҳбарлик қилаётган ўта ўнг қанот “Отзма Ехудит” партияси тегишли баёнот берди.
Бен-Гвир Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни “барча мафкуравий қизил чизиқларни кесиб ўтганликда” айблади. Вазир ҲАМАС билан келишувни “терроризмнинг тўлиқ ғалабаси” деб атади.
Шунингдек, Бен-Гвирнинг ҳамкасблари — мерос вазири Амихай Элиягу ва миллий барқарорлик бўйича вазир Исхак Вассерлауф истеъфога чиқди.
“Отзма Ехудит” ҳукмрон коалициядан чиққанини эълон қилди. Партия агар Исроилнинг ҲАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатлари қайта тикланса ва тўлиқ ғалаба қозонилгунга қадар давом этса, ортга қайтишга тайёрлигини билдирди.
Битимни ҳукуматнинг яна бир аъзоси — молия вазири ва “Диний сионизм” партияси етакчиси Бэтсалел Смотрич танқид қилди. Нетаньяху иккала вазир билан ҳам учрашди. Шундан кейин Смотрич ҳукумат таркибидан чиқмасликка ваъда берди.
“Отзма Ехудит”нинг чиқиши ҳукмрон коалициянинг қулашига ва муддатидан олдин сайловларга олиб келмайди. Бироқ Смотрич агар ҳукумат жанговар ҳаракатларни тиклаш ўрнига сулҳнинг биринчи босқичидан иккинчи босқичига ўтишга қарор қилса, коалициядан чиқишни ваъда қилади.
Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида 15 ойлик жанговар ҳаракатлардан сўнг сулҳ тузишга келишиб олди. Ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилишни ўз ичига олган биринчи босқич 19 январь куни бошланди. Дастлабки босқичда ҲАМАС гаровдагилар эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 90 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар