Фото: AP Photo
Исроил “зарурат туғилганда” Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бу ҳақда яҳудий давлати бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, АҚШ Исроилни Ғазодаги урушни қайта бошлаши учун тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Тегишли фикр АҚШнинг амалдаги раҳбари Жо Байден ва сайланган президент Дональд Трамп томонидан билдирилган. Исроил бош вазири Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш “вақтинчалик” эканини айтди.
У агар иккинчи босқич бўйича келишувга эришилмаса, АҚШ Исроилга “ҳарбий ҳаракатларга қайтиш ҳуқуқи”ни берганини таъкидлади.
“Музокаралар давомида мен бир нечта принципларни аниқлаштириб олдим: биринчи принцип — агар керак бўлса, жанговар ҳаракатларни тиклаш имкониятини сақлаб қолиш”, деди Биньямин Нетаньяху.
У Исроил армияси ўз контингентини Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги чегара зонаси — Филаделфия йўлаги ҳудудида сақлаб қолмоқчилигини айтди.
“Филаделфия йўлагидаги кучларни қисқартириш у ёқда турсин, ҳаттоки уларни бир оз кўпайтирамиз ҳам”, деди у.
Нетаньяху Исроил “урушнинг барча мақсадларини бажаришга” ва “барчани уйига қайтаришга” эришмоқчилигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар 157 нафар гаровга олинганлар ҲАМАС асирлигидан қайтарилган, улардан 117 нафари тирик. Исроил ва Фаластин ҳаракати ўртасидаги битимнинг биринчи босқичи доирасида яна 33 нафар гаровдаги исроиллик уйга қайтади.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш битими кучга кирди
Битимнинг биринчи босқичида ҲАМАС Исроил томонига 33 нафар гаровга олинганларни топширади, уларнинг аксарияти тирик деб тахмин қилинмоқда. Булар асосан аёллар, болалар, кексалар, беморлар ва ярадорлардир. Бунга жавобан Исроил юзлаб фаластинлик маҳбусларни қамоқдан озод қилади.
Келишув шартларига кўра, Исроил армияси Ғазо сектори ҳудудларининг аксарият қисмидан чиқиб кетади, фақатгина Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги Филаделфия йўлагида, шунингдек, Фаластин эксклави ва Исроил чегарасидаги махсус буфер ҳудудида ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолади. Ғазонинг тинч аҳолиси ўз уйларига, жумладан, жанглар туфайли энг кўп зарар кўрган шимолий ҳудудларга ҳам қайтиш имкониятига эга бўлади.
Ўн олтинчи куни битимнинг иккинчи босқичи бўйича музокаралар бошланади. Бу босқичда Исроилга гаровга олинган эркаклар ва ҳалок бўлган асирларнинг қолган жасадлари топширилиши мумкин. Байденнинг таъкидлашича, келишувнинг учинчи босқичи Ғазонинг урушдан кейинги тикланишига қаратилади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар