00:04 / 23.01.2025
0

Давос форумида дунё сиёсатчилари нималарни гапирмоқда?

Давос форумида дунё сиёсатчилари нималарни гапирмоқда?
Европа ҳам Исроилдаги “Темир гумбаз” каби ўзининг ҳаво мудофаа тизимини қуриши керак. Ғазо сектори бошқарувини қайсидир давлатлар эмас, ғазоликларнинг ўзи ҳал қилиши лозим. Трамп Эронни янада кўпроқ сиқувга олади. Айни кунларда бўлиб ўтаётган Давос форумида юқори мартабали сиёсатчилар шу каби билан баёнотлари билан эътибор марказида турибди.

20-24 январ кунлари Швейцариянинг Давос шаҳрида анъанавий Жаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. Йирик анжуманда одатдагидек дунё етакчилари, сиёсатчилар, ишбилармонлар, фуқаролик жамияти вакиллари қатнашиб, глобал масалаларни муҳокама қиляпти. Биз форумнинг дастлабки икки кунида сиёсатчилар қандай баёнотлар билан чиққанига эътибор қаратамиз.

“Путин тўхтамайди” — Зеленский

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатига хавфсизлик кафолати учун камида 200 минг аскар кераклигини айтди. У бундай куч Украинага зарур хавфсизлик кафолатларининг фақат бир қисми бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, Россия қуролли кучлари аскарлар сонини 1,5 миллион нафаргача етказа олади.

“Агар Украина кучли хавфсизлик кафолатларини олмаса, Путин ўн баробар кучлироқ армия билан қайтади”, деди Зеленский Давосдаги форумда.

Украина етакчисининг фикрича, Россиянинг бутун Европага қараганда бир неча баробар кўп ўқ-дори ишлаб чиқараётгани – Европа хавфсизлиги учун жиддий таҳдид. Зеленский Европа ўзининг “Темир гумбази”ни яратиш кераклигини айтиб, мудофаа тизимини ривожлантиришни таклиф қилди. У, шунингдек, Украинадаги қурол ишлаб чиқаришнинг ўсишини ижобий ютуқ сифатида кўрсатди ва жанг майдонида ишлатилаётган қуролларнинг 40 фоизи мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилганини қайд этди.

Украина президенти тинчлик музокаралари ҳақида сўз юритаркан, урушни тез якунлаш эмас, балки адолатли якунлаш муҳимлигини таъкидлади. У Украина армиясини қисқартириш ва НАТОга аъзо бўлишига тақиқ қўйиш каби Москва илгари сураётган талабларга рози бўлмаслигини эслатди. Ҳа, урушни тугатишни ваъда қилаётган Трампга осон бўлмайди.

“Трамп Эронга босимни кучайтиради”

Форумда Яқин Шарқ борасида ҳам баёнотлар янгради. Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон Ол Сауд АҚШда ҳокимиятга келган Доналд Трампнинг тинчликпарвар сиёсат олиб боришига умид билдирди.

“Мен АҚШнинг янги маъмуриятини уруш хавфига ҳисса қўшаётганини кўрмаяпман. Аксинча, президент Трамп можароларни ёқтирмаслигини аниқ айтди”, – деган у.

Саудия дипломатияси раҳбари нафақат Эрон–Исроил қарама-қаршилиги, умуман минтақадаги ҳар қандай урушнинг олдини олиш муҳимлигини қайд этди.

Қатар бош вазири, ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний Ғазодаги сулҳ ҳақида фикр билдираркан, Трамп ва унинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткоффнинг ҳал қилувчи келишувга эришишдаги сезиларли хизматларини эътироф этди.

Қатар бош вазири Ғазо сектори бошқарувини қайсидир давлатлар эмас, ғазоликларнинг ўзи ҳал қилиши кераклигини айтди. Эслатиб ўтамиз, урушдан кейин Ғазо қандай бошқарилиши Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳда назарда тутилмаган.

Исроил президенти Ицхак Герцог ҳам Давосда бўлиб, душанба куни қасамёд қилган Трампнинг “кун тартибидаги асосий масала” Эрон бўлишини айтди. Герцог журналист Фарид Закария билан суҳбатда Теҳрондаги режим “ҳозир ҳам кун-у тун ядровий бомба сари илдамлаётгани”ни даъво қилди.

Шолц ва Маск айтишуви

Германия канцлери Олаф Шолц сешанба куни америкалик миллиардер Илон Маскнинг Доналд Трамп инаугурацияси тантаналари чоғида шов-шувга сабаб бўлган қўл ишорасидан бир кун ўтиб, сўз эркинлиги ўта ўнг қарашлар учун қўлланилса, уни қўллаб-қувватламаслигини айтди.

“Бизда, Европа ва Германияда сўз эркинлиги бор. Ҳар ким хоҳлаган нарсасини гапириши мумкин, ҳатто у миллиардер бўлса ҳам. Лекин бу ўта ўнг позицияларни қўллаб-қувватласа, уни қабул қилмаймиз”, – деди канцлер Шолц.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов тайёрлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг