Фото: mk.ru
Украина президенти Владимир Зеленский уруш тугаганидан сўнг хавфсизликни таъминлаш учун АҚШни тинчликпарвар кучлар юборишга чақирди. У тегишли баёнотни Давосдаги Жаҳон иқтисодий саммитида эълон қилди.
"Урушнинг тугаши Путин учун эмас, Трамп учун ғалаба бўлиши керак. Путин унга ҳеч ким эмас", деди Зеленский.
Президент тинчлик келишувига Украинанинг орқасидан эришилмаслиги кераклиги, бундай келишув амалга оширилганда эса унинг бажарилишини кафолатлаш учун Украинага кучли ҳарбий куч зарур бўлишини айтди.
У фақат Европа иттифоқчиларининг қўллаб-қувватлаши етарли бўлмаслигини таъкидлади:
"АҚШсиз бундай нарсага эришиб бўлмайди. Гарчи европалик дўстларимиз бу мумкин деб ўйласа ҳам, йўқ, бу имконсиз. Ҳеч ким АҚШсиз рискка бормайди", деди Украина президенти.
Трамп ва унинг жамоаси аъзоларининг баёнотларига кўра, янги маъмурият Украина хавфсизлигини таъминлаш миссиясини Европа давлатларига юкламоқчи. Трамп Америка армияси тинчликпарварлик миссиясида иштирок этмаслигини таъкидлаган.
Reuters агентлиги ёзишича, Трамп жамоасининг энг юқори лавозимли аъзолари Украинага жиддий хавфсизлик кафолатларини бериш тарафдори бўлиб, булар орасида Европа қўшинлари томонидан назорат қилинадиган демилитаризация ҳудудини ташкил этиш ҳам бор.
"Европа давлатларида Путинга ҳақиқий тўсиқ бўлиш учун аскарлар етарли эмас ва АҚШсиз контингент яратиш НАТОда бўлиниш келтириб чиқариши мумкин", деган эди Зеленский.
У форум давомидаги нутқида “камида 200 000” нафар Европа аскари зарур бўлишини таъкидлаган.
♦ Украинанинг урушни тугатиш шартлари
Украина қўшинларни 1991 йил чегараларига олиб чиқишни назарда тутувчи “тинчлик формуласи”ни амалга оширишни талаб қилмоқда. Гап 2014 ва 2022 йилларда Россия томонидан у ерда ўтказилган “референдумлар” ва Украинанинг Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ноқонуний аннексия қилингани ҳақида кетмоқда. Москва “тинчлик формуласи” асосида музокаралар олиб бориш имкониятини истисно қилади.
♦ Россия шартлари
Путин ўт очишни тўхтатиш учун ўз шартларини илгари сурди, жумладан, Украина қўшинлари ўзини ўзи мустақил деб эълон қилинган ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларидан олиб чиқилиши, ушбу тўртта ҳудуд ва Қрим гўёки халқаро миқёсда Россиянинг бир қисми сифатида тан олиниши, Украинанинг НАТОга аъзоликдан воз кечиши ва санкцияларни олиб ташлаш. Зеленский бу таклифни “ишониб бўлмайдиган” ультиматум деб атади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар