АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги урушни ҳали Оқ уйга бормай туриб бир кунда ҳал қилишини айтиб катта кетганди. Бу шунчаки блеф экани аниқ эди, чунки Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёда кузатилаётган энг катта урушни бир кунда тугата оладиган фақат бир одам бор ва бу Трамп эмас. Ўша одам хоҳласа, урушни бир лаҳзада тугатади, лекин у бундай қилмоқчи эмас...
Трамп президентлигининг тўртинчи куни ўтди, лекин қирғинбарот ҳамон тугагани йўқ. Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларини, Россия эса Украинани, Киевни ва ҳатто Ғарбдаги Лвивни бомбалашда давом этмоқда. Тўғри, Трамп аввало Америка ичкарисидаги муаммоларни ҳал қилиб олиши керак, лекин у президентликка киришиши билан энг аввал айнан Украинадаги урушни тўхтатишини айтиб катта гапирганди.
«Агар Россия кўнмаса...»
Трампнинг айтишича, у урушни тўхтатиш учун икки томонга ҳам босим ўтказади. Россиядан урушни тезда тугатишни талаб қилади. Агар Москва бунга кўнмаса, Россиядан АҚШга кирадиган ҳар қандай маҳсулотга қўшимча бож қўйилади, шунингдек, янги санкциялар жорий этилади.
«Мен русларга зарар етказмоқчи эмасман, уларни яхши кўраман. Путин билан ҳам муносабатларимиз яхши, Россия 2016 йилдаги сайловларимизга аралашишга уринган бўлса ҳам. Иккинчи жаҳон урушини енгишимизда Россия бизга ёрдам берганини унутмаслик керак. Иқтисодиёти қулаётган Россия ва Путинга катта хизмат қилмоқчиман. Урушни ҳозироқ тўхтатиб, бу бемаъни можарога чек қўйинг. Вазият ёмонлашиб боряпти.
Агар тез орада келишув имзоламасак, менда божлар ва санкция қўллашдан бошқа чора қолмайди. Келинг, бу урушни тугатамиз. Мен президент бўлганимда уруш бошланмасди ҳам. Уни осон ёки қийин йўл билан тугатиш мумкин ва осон йўл – энг яхшиси. Келишиш вақти келди. Ортиқ одамлар ўлмаслиги керак», деди Трамп.
«У ҳам фаришта эмас»
Доналд Трампнинг фикрича, уруш бошланишига икки томон ҳам айбдор. Путин урушни бошламаслиги, Зеленский эса урушмаслиги керак экан.
«Путин урушни бошламаслиги керак эди. Лекин мен бир кишини айбламайман. Россия 850 минг, Украина 700 минг аскарини йўқотди. Зеленский ҳақида гапирадиган бўлсам, у келишув имзоламоқчи эканини айтди. Буни анча олдин қилиши, уруш бошланишига йўл қўймаслиги керак эди. У ҳам фаришта эмас. Аввало ўзидан анча катта давлатга қарши урушяпти. Тўғри, у жуда мардонавор туриб берди, лекин биз уларга миллиардлаб доллар пул бердик – 200 миллиард доллар! Бу – бутун Европа берганидан ҳам кўп.
Зеленский ўзидан анча қудратли томон билан урушяпти. Бундай қилмаслиги керак эди, чунки биз келишувга эришишимиз мумкин эди, бу арзимаган нарса бўларди. Мен осонгина келишардим. Зеленский урушаман, деди. Лекин Россияда 30 мингта бронитехника бор эди, Украинада эса деярли ҳеч нарса. Биз уларга қурол беравердик, беравердик, улар қуролларни қатъият билан ишлатмоқда, лекин бу урушни тугатиш керак», деди Трамп.
4 йиллик тинчлик бўладими?
Россиялик мухолиф сиёсатчи Иля Яшин Трампнинг чиқишларидан хавотир билдирди. Унинг фикрича, Трамп икки томонга босим ўтказиш орқали можарони 4 йилга, яъни у президент бўладиган муддатда музлатиш ҳақида ўйлаётган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда Россия куч тўплаб яна Украинага ҳужум қилиши мумкин, Трамп урушни тўхтатишни эмас, ўзини тинчликпарвар қилиб кўрсатишни истамоқда, деган фикрда Яшин.
«Агар АҚШ Украинани Россияга «топширса», бу халқаро тартибот барбод бўлишига олиб келади. Дунёдаги одамларда энди диктаторлар истаган нарсасига куч билан эриша оларкан деган тушунча пайдо бўлади. Украинани эгалласа, Путиннинг иштаҳаси янада очилади, у тўхтамайди ва Болтиқ бўйи давлатларига, Полшага, унга имкон берилган ҳудудгача бораверади. Бунга шубҳа қилмайман», деди Яшин.
Сиёсатчи дунё учинчи жаҳон урушига жуда яқинлашгани, Путин билан келишув унинг бошланишини тезлатиши мумкин эканини айтди.
Нефт орқали босим
Доналд Трамп шу кунларда урушни тўхтатиш учун бошқа бир усулдан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида гапирди. Давосдаги иқтисодий форумда қатнашаётган Трамп нефт нархини тушириш устида ишлаётганини айтди. «Саудия Арабистони ва ОПEК нефт нархини тушириши керак.
Нарх тушса, Россия ва Украина ўртасидаги уруш тезда тугайди», деди Трамп. У ҳали бу гапни айта бошлаган вақтнинг ўзида нефт нархи 1 долларга арзонлади.
Трамп шунингдек, урушни тугатишда Хитойнинг ёрдамига умид қилди. АҚШ президенти тез орада Путин билан кўришиб, келишув масаласини муҳокама қилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Киев келишувга аллақачон рози бўлган.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар