00:53 / 25.01.2025
347

Путин Украина можароси бўйича музокараларга тайёр эканини айтди

Путин Украина можароси бўйича музокараларга тайёр эканини айтди
Фото: kremlin.ru
Россия президенти Владимир Путин Доналд Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш учун музокаралар ўтказиш зарурлиги ҳақидаги баёнотларини изоҳлар экан, агар Трамп 2022 йилда АҚШ президенти бўлганида, эҳтимол, кенг кўламли Россия-Украина уруши бошланмаган бўларди, деди. Бу ҳақда у «Россия» телеканали мухбири Павел Зарубинга берган интервюсида айтиб ўтди, деб хабар берди Meduza.

«Россия ҳеч қачон АҚШ маъмурияти билан алоқаларни давом эттиришдан бош тортмаган. Ва аввалги маъмурият бу алоқаларни рад этгани бизнинг айбимиз эмас. АҚШ амалдаги президенти билан мен ҳар доим ишбилармон, лекин айни пайтда прагматик, ишончга асосланган муносабатларга эга бўлганман. Ва мен унинг фикрига қўшиламан, агар у президент бўлганида, 2020 йилда унинг ғалабаси ўғирланмаганида, эҳтимол, Украинада 2022 йилда юзага келган инқироз бўлмас эди», деди у.

Путиннинг сўзларига кўра, президентлар «бугунги кун воқелигидан келиб чиқиб, учрашиб, АҚШ ва Россияни қизиқтирган барча соҳалар бўйича тинчгина гаплашиб олса», яхши бўларди.

«Биз тайёрмиз», деди Россия президенти ва биринчи навбатда, бундай учрашув эҳтимоли «Американинг амалдаги маъмурияти қарорлари ва танловига боғлиқ».

Путин, шунингдек, Россия Украина бўйича музокараларга тайёр эканини айтди, бироқ Украина раҳбари Володимир Зеленский томонидан Россия президенти билан бундай музокаралар ўтказиш тақиқлангани сабабли Украина расмийлари уларни ноқонуний деб ҳисоблаши мумкинлигини тан олди.

«Киевдаги режимнинг амалдаги раҳбари, ҳали қонуний бўлганида, музокараларни тақиқловчи фармон чиқарган. Агар музокаралар тақиқланган бўлса, энди қандай қилиб музокараларни давом эттириш мумкин? <…> Агар музокаралар амалдаги меъёрий-ҳуқуқий база доирасида бошланса, улар, қатъий айтганда, ноқонуний бўлади, демак, бу музокаралар натижалари ҳам ноқонуний деб эълон қилиниши керак», деди Путин.

23 январ куни Давос иқтисодий форумида (WEF) сўзлаган Трамп Украинадаги урушни тугатиш учун яқин орада Владимир Путин билан учрашишни хоҳлашини айтди. «Мен бу урушни тугатиш учун яқинда президент Путин билан учрашишни жуда хоҳлардим. Ва бу иқтисод ёки бошқа нарса нуқтаи назаридан эмас. Бу миллионлаб одам ҳаётининг беҳуда кетаётгани билан боғлиқ», деди Трамп. Шу билан бирга, у Саудия Арабистони ва OPEC давлатларидан нефт нархини пасайтиришни сўрашини таъкидлади, бу унинг фикрича, Россия-Украина урушини «зудлик билан» тугатишга олиб келади.

Бир кун олдин у Украина билан яқин орада тинчлик келишувига эришилмаса, Россиянинг бошқа мамлакатларга сотадиган барча маҳсулотларига юқори солиқ, бож ва санкциялар жорий қилишини айтган эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг