15:05 / 27.01.2025
104

Маск Лас-Вегасда Tesla учун янги “метро” очди

Маск Лас-Вегасда Tesla учун янги “метро” очди
Миллиардер Илон Маскка тегишли The Boring Company Лас-Вегасда яна бир туннел ва станцияни ишга туширди.

Ушбу тармоқ йирик меҳмонхона, казино ва Westgate Resort конференция марказини асосий тармоқ билан боғлайди. Шаҳарнинг бу ҳудудида автотураргоҳлар етишмаслиги ва транспорт тирбандлиги каби жиддий муаммолар мавжуд. Туннел автомобил ҳаракатини камайтиришга хизмат қилиши керак.

Фото: AFP
The Boring Company Лас-Вегас остида 12 метр чуқурликкача бўлган туннеллар тармоғини қуриш шартномасини 2019 йилда қўлга киритганди. Биринчи бекат 2021 йилда ишга туширилди ва ўша пайтга келиб лойиҳанинг қиймати 52 миллион доллардан ошиб кетди. Ўшандан бери олтита янги бекат барпо этилди, жумладан яқинда қурилган Westgate Resort ҳам шулар қаторига қўшилди.

Туннеллар иккита тор “қувур”дан иборат бўлиб, улар орқали Tesla Model 3 ва Tesla Model Y автомобиллари йўловчиларни ташийди. Ҳозирча бу машиналар ҳайдовчилар ёрдамида бошқарилмоқда, бироқ компания 2025 йил охирига келиб уларни автоном ҳайдаш тизимига ўтказишни режалаштирмоқда.

Янги йўналиш конференция марказининг кенг ҳудудида ҳаракат имкониятларини кенгайтиради. Айтишларича, одатда 25 дақиқада босиб ўтиладиган масофани туннел орқали икки дақиқада босиб ўтиш мумкин. Тармоқнинг ушбу қисмидан тўлиқ фойдаланилганда, яъни 62 та автомобил ҳаракатланганда, соатига 4400 нафаргача йўловчини ташиш мумкин. Бироқ ҳозирча тармоқ имкониятларининг учдан бир қисми ҳам ишга туширилмаган.

Тугалланган туннеллар тизимининг узунлиги 109 километрни ташкил этиб, Лас-Вегаснинг барча асосий ҳудудларини, аэропортдан тортиб йирик бизнес ва кўнгилочар марказларгача ўз ичига олади. Тизимда 55 та бекат ва оралиқ тўхташ жойлари режалаштирилган. Бутун мажмуа назарий жиҳатдан бир соатда 90 мингдан ортиқ йўловчини ташиш имкониятига эга бўлади.

Таъкидлаш керакки, The Boring Company иш жараёнида турли муаммоларга дуч келди. Хусусан, у меҳнат шартларини бузгани учун бир неча бор жаримага тортилди. Бундан ташқари, назорат органлари хавфсизлик масаласига шубҳа билан қарамоқда, чунки ҳар йили туннелга ўнлаб бегона пиёдалар ёки ҳатто автомобиллар кириши ҳолатлари қайд этилмоқда. Уларнинг барчаси туннелга тасодифан кириб қолганини таъкидлашади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг