21:40 / 27.01.2025
229

Фаластинликлар Ғазо сектори шимолига қайтишни бошлади (видео)

Фаластинликлар Ғазо сектори шимолига қайтишни бошлади (видео)
Фото: Ramadan Abed/Reuters
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ доирасида фаластинликлар Ғазо секторининг шимолий қисмига қайтишни бошлади. AFP’нинг ёзишича, Исроил томони назорат пунктларини очган.

Одамлар шахсий буюмларини қўлларига кўтарган ҳолда соҳил бўйидаги йўл бўйлаб ҳаракатланишни бошлаган. «Уйингга, оилангга, қариндошлар ва суюкли инсонларинг олдига қайтиш — ажойиб ҳиссиёт», — дейди Ғазога қайтган Иброҳим Абду Ҳассера.

Ушбу янгилик қочқинлар лагерларида хурсандчилик билан қарши олинган. «Ҳеч қанақа уйқу йўқ, нарсаларни йиғиштириб қўйдим ва қуёшнинг илк шуъласи кўриниши билан йўлга отланишга тайёрман», — дейди беш нафар боланинг онаси Гада.

ҲАМАС Ғазо аҳолисининг қайтишини фаластинликлар ғалабаси деб атаб, бу «босқинчилар режаси барбод бўлганини» намойиш этишини таъкидлади.

Исроил ҲАМАСга қарши уруш бошланган 2023 йил октябрда Ғазо сектори шимолида кенг кўламли эвакуацияни ўтказган эди. Ҳудуд ҳарбий операциялар ўтказиш учун изоляцияланган, чунки у ерда гуруҳнинг инфратузилмалари ўрин олганди.

ҲАМАС ўз навбатида пайшанба куни 2023 йил октябрда гаровга олинган уч нафар Исроил фуқаросини озод этади: Арбел Йехуд, Агам Бергер ва яна бир инсон. 1 февралда ҳам яна уч нафар гаровдаги инсон озод этилиши керак.

Март бошларига қадар давом этадиган ўт очишни тўхтатишнинг биринчи фазаси доирасида ҲАМАС умумий ҳисобда гаровга олинган 33 кишини озод этиши керак. Исроил томони эса мамлакат ҳибсхоналарида сақланаётган қарийб 2 минг фаластинликни қўйиб юборади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг