13:11 / 29.01.2025
23 662

Астероиднинг Ер билан эҳтимолий тўқнашиш санаси маълум қилинди

Астероиднинг Ер билан эҳтимолий тўқнашиш санаси маълум қилинди
Астрономлар томонидан ўтган йил декабрь ойида кашф этилган 2024 YR4 астероиди Ер билан тўқнашиши мумкин. Олимлар бунинг эҳтимолини 0,5 дан 6 фоизгача баҳоламоқда. Бу ҳақда “РИА Новости”га астроном, Ка-дар обсерваторияси илмий раҳбари Стас Короткий маълум қилди.

Олим диаметри 70 метрга етадиган астероид 2032 йил 22 декабрда сайёрамиз билан тўқнашиши мумкинлигини айтди. У мазкур прогноз 33 кунлик кузатувларга асосланганини билдирди. Тўқнашиши кутилаётган астероид Челябинск метеоритидан 3-4 баравар катта.

Ҳисоб-китобларга кўра, қулаш марказий Африка ёки Атлантика океани ҳудудида содир бўлиши мумкин. Оқибатда маҳаллий фалокат кузатилиши, яъни 30 километр радиусдаги уйлар бузилиши прогноз қилинган.

“Айни пайтда Ер билан тўқнашиш эҳтимоли турли тузилмалар томонидан 0,5 дан 6 фоизгача баҳоланмоқда. Вазият ривожланишининг 16 та вариантидан биттаси, яъни 6 фоизи тўқнашувни назарда тутади”, деди Короткий.

Астрономнинг фикрича, тўқнашув эҳтимоли ҳақидаги маълумотлардаги катта фарқ кузатиш вақти қисқа бўлгани ва прогноз қилинган давр 8 йилга чўзилгани билан боғлиқ. 2028–2029 йилларда қўшимча кузатишлар орқали бунга аниқлик киритилади. Шу сабабли, астероиднинг ерга умуман тушмаслиги ҳам эҳтимолга яқин.

Астероидлар — Қуёш тизимидаги нисбатан кичик осмон жисмлари бўлиб, улар асосий юлдуз атрофида ҳаракатланади. Улар сайёралардан фарқли ўлароқ, нотекис шаклга эга ва атмосфераси йўқ, бироқ йўлдошлари бўлиши мумкин. Кичик астероидлар Ер атмосферасига кирганида ёниб кетади ва метеоритлар деб аталади. Катта астероидлар Ер билан тўқнашганда катта зарар келтириши мумкин. Масалан, 65 миллион йил олдин динозаврларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлган ҳодиса астероид зарбаси билан боғланган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг