19:00 / 30.01.2025
303

Ҳамма кимнидир ўлдирмоқчи: дипломатия қаерда қолди?

Ҳамма кимнидир ўлдирмоқчи: дипломатия қаерда қолди?
Сайёрамиз охирги уч йилда чинакам хаос ҳолатига тушиб қолди. Бошқа одамлардан совуққонлиги билан ажралиб туриши керак бўлган сиёсатчилар ҳам можаролар фақат кимнидир ёки кимларнидир ўлдириш билан ҳал бўлади деб ўйлайдиган бўлиб қолган. Бу – инсониятнинг фожиаси. Келинг, бугун дунёда дипломатия йўқ бўлиб бораётгани ҳақида гаплашамиз.

Биз тенги йигитлар болалигида Жейсон Стетҳэмнинг фантастик киноларини кўриб катта бўлган. Aйниқса унинг ёлланма қотил сифатида ўйнаган кинолари тилларда достон бўларди. Ўшанда биз Стетҳэмнинг киноларини кўриб, бунақа қотилликлар фақат кинода бўлса керак деб ўйлардик. Улғайиб дунё «ақлдан озиб бўлгани», ҳаётда ҳам бунақа инсонга хос бўлмаган ишлар бўлиши тушуниб етдик. Шу кунларда суиқасд ҳақида тарқалган иккита хабар мисолида дипломатия инқирозини муҳокама қилсак.

«Байден маъмурияти Путинни ўлдирмоқчи бўлган»

Aмерикалик телебошловчи Такер Карлсонни танисангиз керак. Биз у ҳақда бир нечта видеолар қилганмиз. Уларни кўрсангиз, Карлсон кимлигини билиб оласиз.

Телеюлдуз Карлсон Москвада: унинг ҳар қадамини ёритишди

Бир сўз билан айтганда Карлсон – Трампнинг дўсти, республикачилар партиясининг энг машҳур аъзоларидан бири, Fox News телеканали собиқ бошловчиси.

Конспирологик қарашларни илгари сурувчи бу америкалик журналист ўзгача фикрловчи одам эканини иддао қилади. Карлсон океан ортида Россиянинг манфаатлари учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади десак муболаға бўлмайди.

Мана шу россияпараст америкалик яқинда навбатдаги конспирологияни трендга чиқарди. Бир подкастда чиқиш қилган Карлсон собиқ президент Байден маъмурияти Россия президенти Путинни ўлдирмоқчи бўлганини айтди. «Блинкен катта урушни бошлашни шунчалик хоҳлардики... Байден маъмурияти эса Путинни ўлдиришга ҳаракат қилди», деди Карлсон. У сўзига ҳеч қандай исбот келтирмади.

Мен бу гап айтилган подкастни кўрарканман, унинг бошловчиси ким экан деб қизиқдим (у сиёсатчидан кўра кўпроқ реперга ўхшайди) ва жуда ажойиб маълумотларни топдим: подкастчининг исми – Мэтт Тайбби. У Россияда ўқиган, рус нашрларида ишлаган, Aмерикада чоп этилган Россия газетасига муҳаррирлик ҳам қилган. Хуллас, тушундингиз.

Бу подкастернинг (ҳа, ҳозир кўпчилик бекорчилар подкаст қилавергани учун шунақа касб номи ҳам пайдо бўлди) ишлаган жойлари эса экзотиканинг ўзгинаси: Rolling Stone маданий журнали, The Moscow Times, New York Press, Playboy ва диққат қилинг, Мўғулистон миллий ахборот агентлиги!

Бу шоввоз 1992 йил ишлаш учун Ўзбекистонга ҳам келиб, ярим йил ўтиб можароли бир мақола ортидан мамлакатдан чиқиб кетган экан. Бу маълумотлар Такер Карлсоннинг AҚШ президент маъмурияти Путинни ўлдиришга уринди деган гапи қандай минбарда янграганини билишингиз учун муҳим.

Ва маълумот учун, Такер Карлсон уруш бошланганидан буён Владимир Путиндан интервю олган ягона ғарблик журналист эканини ҳам унутманг. У Кремлга бориб Путин билан интервю қилган ва катта шов-шув билан уни Твиттерда дўсти Илон Маск кўмаги билан трансляция қилдирганди.

«Россия Rheinmetall раҳбарини ўлдирмоқчи бўлган»

Демак суиқасд мавзусидаги иккинчи хабар. НAТО расмий вакилларига кўра, Россия Германиянинг Rheinmetall компанияси раҳбарига суиқасд уюштиришни режа қилган. Руслар бу иш учун интернет орқали одам ёлламоқчи бўлган. Суиқасд нишони копмания раҳбари Aрмин Паппергер бўлган. Бу компания ишлаб чиқарган қуроллар Германия томонидан Украинага юбориб келинган. НAТО вакилининг айтишича, Германия ва AҚШ разведкаси бу уринишга чек қўйган. Кейинчалик бошқа уринишлар ҳам бўлган.

CNN Паппергерга суиқасд режаси ҳақида 2024 йил ёзида хабар тарқатганди. Тадбиркорнинг ўзи ҳам бу хабар ростлигига шама қилган. Маълумот учун, дунёдаги энг машҳур ҳарбий ишлаб чиқарувчилардан бўлмиш Rheinmetall асосан пиёда қўшинлар зирҳли машиналар, шунингдек, 155 ммли артиллерия снарядлари ишлаб чиқаради.

Дипломатия «бошини қумга суққан»

Мана шу иккита хабарга эътиборингизни қаратмоқчи эдик. Улар тўғри бўлмаслиги ҳам мумкин, лекин бундай хабарлар катта-катта одамлар томонидан айтилаётганининг ўзи давлатлар замон шунчалик ривожланган даврда ўзаро келишмовчиликни одам ўлдириш орқали ҳал қилишни нормал ҳолат деб ҳисоблай бошлаганига ишора қилади.

Бир қарашда ҳаммаси жуда оддий: дунёда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик қирғинбарот кетмоқда. Европанинг икки энг йирик давлати урушаётгани учун ўзига қарши томонда бўлган барча одамларни ўлдиришни истайди. Лекин энг даҳшатлиси – дунё мана шу даражага келиб қолганида. Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё хулоса қилиши, давлатлар ер учун, ўзидан бошқа ҳеч ким ишонмайдиган иддаолар учун бир-бирига уруш очмаслиги керак эди. Лекин инсоният шу даражада тубанлашиб кетибдики, охирги йилларда яна можароларни уруш билан, одам ўлдириб ҳал қилиш урфга кирди.

Энг ёмони – олдинги урушларда масала ошиб борса тўп, танк ва жуда оддий самолётларда ҳал қилинган бўлса, ҳозир минг турли замонавий қуроллар ишлаб чиқилган. Давлатлар одамларнинг оғирини енгил қилиш ўрнига триллионлаб доллар пулларни янги қуроллар ишлаб чиқаришга сарфламоқда.

Дунёда қанчадан-қанча озгина кўмак билан тузалиб кетадиган ногирон болалар бор, лекин негадир уларнинг барчасини тузатишга бу золим дунёда пул топилмайди. Бироқ тинч аҳолини, хусусан, ўша ногирон болаларни ўлдириш учун қурол ишлаб чиқаришга қанча керак бўлса пул топилади. Даҳшат, шундай эмасми?

Шу ўринда савол пайдо бўлади: дунё дипломатияси қаерга даф бўлдики, икки қирғинбаротдан хулоса қилмаган инсон яна урушларга зўр берди? Aхир замонавий дунёда можароларни ҳарбийлар эмас, дипломатлар ҳал қилиши керак-ку? Aфсуски ҳозир дипломат деганда номи узундан узун, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган конференцияларда қимматбаҳо қаҳвани ноз қилиб ҳўплаб биров тушунмайдиган инглизча ибораларни такрорлайдиган одамлар тушуниладиган бўлиб қолган.

Aслида эса дипломатлар аввало урушлар бошланишига йўл қўймаслиги, бошланган урушларни душман дипломати билан мард бўлиб бир столда ўтириб тугатиши керак. Aммо дунёга таъсири энг катта бўлган икки давлатки, ўзаро можароларни дипломатчасига ҳал қилолмаяптими, бу соҳа чинакам инқирозга юз тутган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг