Фото: CNN
Американинг Comex биржасида олтин бир троя унсия учун 2850 доллардан ошди. Сўнгги марта олтин нархи 2024 йил октябрь ойида 2800 доллардан ошганди.
Reuters нашри ёзишича, инвесторлар АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан савдо божлари жорий этилиши хавфидан хавотирда. Бозор яқинлашиб келаётган муҳим инфляция ҳисоботини кутмоқда. Ушбу ҳисобот АҚШ Федерал захира тизимининг келажакдаги сиёсатини баҳолашга ёрдам бериши мумкин.
31 январь куни шахсий истеъмол харажатлари индекси бўйича маълумотлар эълон қилинади. The Wall Street Journal маълумотига кўра, сўнгги кунларда Хитойнинг DeepSeek чат-боти муваффақияти АҚШ фонд бозорида технология секторида ўзгаришларга сабаб бўлган. Натижада, бу беқарорлик олтин нархининг ўзгарувчанлигига таъсир қилган.
Аввалги рекорд
2024 йилнинг 30 октябрида троя унсиясининг нархи тарихда биринчи марта 2800 доллардан ошди. Таҳлилчилар олтин қимматлашишини АҚШдаги сайловлар ва дунёда давом этаётган можаролар туфайли юзага келган сиёсий ноаниқлик билан боғлади. Хусусан, Яқин Шарқ ва Украинадаги вазият билан.
J.P. Мorgan 2024 йил август ойида ўтказган тадқиқотида, одатда, иқтисодий ва геосиёсий беқарорлик шароитида олтин қимматлашишини таъкидлаган. Бунинг сабаби – олтиннинг хавфсиз актив сифатидаги обрўсидир. Шунингдек, молиявий таҳлилчилар фикрича, олтиннинг бошқа инвестиция воситалари билан боғлиқлиги паст бўлгани учун у самарали суғурта активи ҳисобланади.
Олтиннинг йирик харидорлари
Бутунжаҳон олтин кенгашининг (WGC) июль ойидаги ҳисоботига кўра, 2024 йилнинг иккинчи чорагида жаҳон бўйлаб олтин талаби ўтган йилга нисбатан 6 фоизга камайиб, 929 тоннани ташкил қилган. Шунга қарамай, марказий банклар олтин харид қилишда давом этган. Энг йирик харидорлар орасида Польша Миллий банки (19 тонна), Ҳиндистон Резерв банки (19 тонна) ва Туркия Марказий банки (15 тонна) бор.
Оаndа компаниясининг катта таҳлилчиси Келвин Вонгнинг прогнозига кўра, олтин нархи асосан АҚШ сайловлари натижаларига боғлиқ. Келажакда унинг баҳоси 2826 доллар атрофида барқарорлашиши мумкин.
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар