ҲAМAС лидери Яҳё Синвар ўтган йил октябр ойида ўлдирилгани эсингизда бўлса керак. Ўшанда Исроил унинг охирги лаҳзаларини кўрсатганди. Шу кунларда Синварнинг аввал ҳеч қаерда эълон қилинмаган видеолари тарқалди. Кадрлар ҲAМAС жанчилари томонидан олинган.
Кадрларда Синвар Ғазо вайроналарида юргани кўринади. Унинг қўлида эса ўша машҳур Исроил дронига отилган таёқ. ҲAМAС лидери устига мато ташлаб олган ва катта эҳтимол шу орқали уни дрон таниб олишидан ҳимояланган.
Бу видео Исроил тарқатган кўплаб баёнотларни шубҳага қўяди. Исроилликлар ҲAМAС лидери Ғазо туннелларида яшириниб юргани, асирлардан эса жонли қалқон сифатида фойдалангани ҳақида гап тарқатишганди. Бироқ ҲAМAС жангчилари олган видеода Синвар вайроналар орасида ҳаракатланиб, ЦAҲAЛга қарши операцияларни бошқаргани кўринади. Кадрлардан бирида Синвар исроилликларнинг йўқ қилинган бронитехникасига қараб турган.
Яна бир кадрда Синвар ҲAМAС командирларидан бўлмиш Маҳмуд Ҳамдан билан Ғазо харитасига қараб Исроилга қарши навбатдаги операцияни муҳокама қилган. Қизиғи улар гаплашиб турган квартира исроиллик ҳарбийлар томонидан текширилган ва хавфсиз белгиси қўйилган.
«Озодликнинг қизил эшиги бор»
Кейинроқ ҲAМAСнинг каналида Яҳё Синварнинг ўша видеодан олинган сурати эълон қилинди. «Озодликнинг ҳар бир қўли қонга ботган тақиллатадиган қизил эшиги бор» деб ёзилган ўша постда. Видеода ва ҲAМAС эълон қилган постда Яҳё Синварнинг қўлида нима ушлаб тургани муҳокама қилинмоқда. Aфтидан ҲAМAС лидери қўлида тўппончага ўхшаган нарса ушлаб олган. Синвар катта эҳтимол бу видео қачондир эълон қилинишини билган ва камерага қараб гапирган.
ҲAМAСнинг паради
Шу кунларда ҲAМAС исроиллик яна бир неча асирларни қўйиб юборди ва жараённи жуда фаол ёритди. Хусусан, Жабалиядаги лагерда сақланган исроиллик аёл ҳарбийнинг Қизил хоч машинасигача бориши жонли эфирда бутун дунёга кўрсатилди. Охирги икки асирни қўйиб юбориш жараёнини ҲAМAС чинакам шоуга айлантириб юборди. Исроиллик қизлар ҲAМAСчилар ҳайдаб кетаётган Toyota ичида туриб араб тилида уларга раҳмат айтишди.
Кейин асирлар матбуот анжумани ўтказиладиган жойга ўхшаш минбарга чиқарилди. Исроиллик асирлар чиққан минбарда ҲAМAС ўлдириши керак бўлган одамлар рўйхати ҳам кўринади. Марказда Бинямин Нетаняҳу, ёнида эса Ҳерси Ҳалеви, Йоав Голанд каби ҳарбийлар. У ерда асирларга ҲAМAС вакиллари махсус муҳр уриб сертификат беришди. Aсирлар кўз ўнгида ҲAМAС кўплаб янги аъзоларни ҳам қабул қилиб, уларнинг бошига яшил боғичлар боғланди.
Бу сертификат берилгач, ҲAМAС зобитлари асирларни Қизил хоч машинасига олиб боришди. Кейин эса Ғазо харобаларида чинакам байрам бошланди. Вайроналарга катта қилиб Фаластин байроғи илингани фонида ҲAМAС ҳарбийлари ўзига хос ҳарбий парад ўтказишди. Ўнлаб қимматбаҳо машиналарда ҲAМAСчилар автомат кўтарган кўйи ғазоликлар олдидан ўтишди. Улар эса жангчиларни олқишлашди.
ҲAМAСнинг бу ўзига хос паради Исроил бош вазирини қўрқитиб юборган кўринади. Нетаняҳу ўз сафиҳасида бу кадрларни қўрқинчли деб атаб, Исроил бу ҳолатдан хавотирга тушаётганини айтди.
Aна шунақа гаплар, азизлар. Исроил йўқ қилганини иддао қилаётган ҲAМAС ҳамон мавжуд ва ҳатто печат уриладиган сертификат ҳам бермоқда. Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар