Фото: Depositphotos
Нью Йоркда номаълум шахслар кўнгилхушлик учун метро поездини олиб қочди. Бу ҳақда CBS News телеканали шаҳар полицияси вакилларига таяниб хабар бермоқда.
Ҳодиса 25 январь куни кечқурун содир бўлган. Ўсмир йигитлар гуруҳи Бруклиндаги Форест-Ҳиллс —71-авеню бекати ёнидаги тўхташ жойида турган таркибга киришган. Жиноятчилар машинистнинг кабинасига кириб, мустақил равишда поезд бошқарувини ишга туширган.
Улар метрода сайр қилиш билан чекланиб қолмай, вагонлар ичидаги кузатув камераларига ҳам зарар етказган. Саёҳат тугагач, ўсмирлар таркибни тарк этиб, номаълум йўналишга ғойиб бўлишган.
Нью Йорк полицияси маълумотларига кўра, Р поезди Квинсдаги захира йўлда қолдирилган. Захира йўл поездлар ишлатилмаётган пайтда уларни сақлаш учун қўлланилади.
Метрополитан транспорт бошқармасининг (МТБ) хабар қилишича, Р 9108 поезди бошқарма ходимлари томонидан назоратсиз қолдирилган. Ходимлар қайтиб келганларида, поезднинг дастлабки жойидан кўчирилганини аниқлаганлар.
Хабарда таъкидланишича, поезднинг эшиклари берк бўлган, бу кимдир транзит калитларидан фойдаланган ҳолда поездга кирганидан далолат беради.
Улар, афтидан, поезд қаердалиги, уни қандай бошқариш ва калитларни қандай олиш ҳақида маълумотга эга бўлган, дейди транспорт бўйича эксперт Роберт Пасвелл.
Йигитлар поездни қанча вақт бошқаргани ва қанча масофагача олиб кетгани номаълум. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирларда поезд юқори тезликда ҳаракатланганини кўриш мумкин. Расмийларнинг таъкидлашича, қора кийимли қоидабузарлар поезд ичидаги камера объективларини қора маркер билан бўяган.
МТБ ходимлари поезд қора қутисидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва қаерда, қанча вақт бўлганини аниқлаш учун Квинс темирйўл станциясига юборган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумонланувчиларнинг шахсини аниқлаш билан шуғулланмоқда. Нью Йорк аҳолиси айбдорлар аниқланиб, муносиб жазога тортилишига умид билдирмоқда.
Расмийларга кўра, бундай ҳолатлар биринчи марта содир бўлиши эмас.
Хусусан, 2024 йил сентябрь ойида икки нафар вояга етмаган — 17 ёшли қиз ва йигит метро поездини олиб қочиб, бошқа таркиб билан тўқнашувга сабаб бўлган. Ҳодиса жиддий тус олган бўлса-да, жабрланганлар бўлмаган. Воқеа содир бўлган жойдан қочган ўсмирлар қўлга олинган.
Худди шундай ҳолат ўша йилнинг январь ойида ҳам содир бўлган, ўшанда бир гуруҳ шахслар метрополитен таркибларидан бирини вақтинча назорат остига олган.
Юқорида қайд этилган барча ҳолатларда қонунбузарларнинг мақсадлари ўхшаш бўлган: ҳаракатлар фақат кўнгилхушлик учун, потенциал хавфларни ҳисобга олмасдан амалга оширилган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар