22:13 / 01.02.2025
132

TikTok руслар ҳақорат қилинган қозоқча қўшиқни ўчириб ташлади

TikTok руслар ҳақорат қилинган қозоқча қўшиқни ўчириб ташлади
Фото: pixabay.com
TikTok ижтимоий тармоғи Қозоғистон расмийларининг мурожаатидан кейин русларга нисбатан ҳақоратли сўзларни ўз ичига олган «Йоу, орислар» қозоқча қўшиғини ўчириб ташлади. Бу ҳақда маданият ва ахборот вазирининг ўринбосари Евгений Кочетов маълум қилди.

«2025 йил 27 январда TikTok онлайн платформаси маъмурияти томонидан ноқонуний контентни ўчириш чоралари кўрилди», — дейилади хабарда.

Вазирлик қўшиқ ёки унинг парчаларини ўчириш сўровини қатор платформаларга юборган бўлиб, ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қўшиқ «22 та чет эл интернет ресурсида тарқатилган»: TikTok’да 12 марта, YouTubeʼда — 8 марта, «ВКонтакте»да эса 2 марта улашилган.

Бундан ташқари, вазирлик Instagramʼдаги QazNews24 сатирик аккаунтидан қўшиқ парчаси эълон қилинган постни ўчириб ташлашни талаб қилган. Ушбу пост сабаб январ ўрталарида саҳифа администратори Темирлан Енсебек ҳибсга олинган эди. Унга қарши Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-«ижтимоий, миллий, ирқий, синфий ёки диний адоватни қўзғатиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Агар у судда айбдор деб топилса, 2 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қозоғистонда «Сатира — жиноят эмас» шиори остида Енсебекни қўллаб-қувватлашга қаратилган намойишлар бўлиб ўтмоқда. Полиция департаменти унинг ҳибсга олиниши сатирик постларга боғлиқ эмаслигини билдирган. «Сабаб бошқа жойда — у бутун бошли этник гуруҳ вакилларига нисбатан ҳақорат сифатида ифодаланган, миллий адоватни қўзғатувчи аниқ белгиларни ўз ичига олган материални жойлаштирган», — дейилади департамент изоҳида.

2024 йил июл ойида Енсебекнинг севгилиси Мария Кочнева фильм премерасида қўшиқдан парча ижро этгани учун 10 кунлик маъмурий қамоққа олинган эди.

Orda.kz ёзганидек, композициянинг ўзи 2000-йилларда яратилган, аммо унинг муаллифи номаълум. Трек YouTube ва VKontakte'га юкланган ва 2022 йилдан кейин у ТикТок'да трендга айланди. Унда нафақат русларга, балки ўзбекларга нисбатан ҳам беҳаё ҳақоратлар бор, дея қайд этади нашр.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг