Араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Миср ва Иорданияга Ғазо сектори аҳолисини кўчириш ҳақидаги чақириғига қарши ягона позицияни билдирган ҳолда, фаластинликларни ҳар қандай вазиятда ҳам ўз ерларидан кўчиришни қатъиян рад этишди.
Қоҳирадаги учрашувдан сўнг Миср, Иордания, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Фаластин ва Араб давлатлари лигаси ТИВ раҳбарлари ҳамда расмий вакиллари қўшма баёнотда бундай қадам минтақадаги барқарорликка таҳдид солиши, можарони кенгайтириши ва тинчлик истиқболларига путур етказишини таъкидлашди.
"Биз фаластинликларнинг ажралмас ҳуқуқларига, хоҳ кўчманчилик фаолияти, аҳоли кўчириш ёки ерларни қўшиб олиш орқали бўлсин, хоҳ ерларни эгаларидан тортиб олиш орқали бўлсин, ҳар қандай шаклда ёки ҳар қандай вазиятда ёхуд баҳона билан хавф солишга ҳар қандай уринишларни қабул қилмаслигимизни тасдиқлаямиз", дейилади қўшма баёнотда.
Улар икки давлат тўғрисидаги қарор асосида Яқин Шарқда адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришиш учун Трамп маъмурияти билан ҳамкорлик қилишга умид билдирдилар.
Учрашув ўтган ҳафта Трамп Ғазони 15 ойлик Исроил бомбардимонларидан сўнг “вайрон бўлган жой” деб атаб, Миср ва Иордания у ердаги фаластинликларни қабул қилиши кераклигини айтганидан кейин бўлиб ўтди. Бу бомбардимонлар туфайли 2,3 миллион аҳолининг аксарияти бошпанасиз қолган эди. Танқидчилар Трампнинг таклифини этник тозалашга тенглаштиришди.
Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Миср Ғазо аҳолисининг кўчирилишига ёрдам бериши ҳақидаги ғояни рад этди.
Шундан сўнг Трамп бу ғояни яна такрорлаб, “Миср ва Иордания буни амалга оширмоқчи” эканини айтди.
"У, шубҳасиз, АҚШнинг Миср ва Иорданияга кўрсатаётган катта ёрдамини, жумладан ҳарбий ёрдамни назарда тутган", деб ёзади Al Arabiya.
Иорданияда аллақачон бир неча миллион фаластинлик яшайди, ўн минглаб фаластинликлар эса Мисрда истиқомат қилади.
Араб вазирлари, шунингдек, Мисрнинг БМТ билан ҳамкорликда Ғазо ҳудудини қайта тиклашга бағишланган халқаро конференция ўтказиш режаларини маъқулладилар. Конференциянинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.
Трамп Ғазони “тозалаш” учун фаластинликларни араб давлатларига кўчиришга чақирди
АҚШ президенти аввалроқ Иордания, Миср ва бошқа араб давлатларини Ғазодан қабул қилаётган фаластинлик қочқинлар сонини кўпайтиришга чақирган эди. Трамп фикрича, урушдан хароб бўлган ҳудудни “тозалаш” учун аҳолининг етарли қисмини кўчириш керак. У буни Иордания қироли Абдулла II билан телефон орқали мулоқотда муҳокама қилганини айтган.
"Мен у одамларни қабул қилишини хоҳлардим. Миср уларни қабул қилишини истардим. Эҳтимол, 1,5 миллион киши ҳақида гап кетяпти. Биз шунчаки тартиб ўрнатиб, ҳаммаси ортда қолди, деймиз", деди у.
Шу билан бирга, у Иордания қиролини кўплаб фаластинлик қочқинларни қабул қилгани учун мақтади.
"Бирор нарса бўлиши керак. Аммо ҳозир бу том маънода вайроналар макони. Деярли ҳамма нарса вайрон қилинган, одамлар ўлиб кетяпти", дея Трамп Ғазо секторидаги ҳозирги вазиятни назарда тутди.
У бу вазиятда фаластинлик қочқинларга Ғазо ташқарисида уй-жой қуриш учун баъзи араб давлатлари билан ҳамкорликни афзал кўришини айтди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар