Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги ягона ҳисобланган Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти 1 февраль куни тўққиз ойлик танаффусдан сўнг илк марта очилди.
Хавфсизлик хизматидаги манбалар, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Ҳаракатининг Миср бўлимига кўра, Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали Ғазо секторидан даволанишга муҳтож бўлган бир нечта бемор Мисрга кетган. Уларнинг умумий сони 50 нафарга етиши мумкин, деб ёзади DPA.
Ғазодаги биринчи беморлар Мисрга келди
Мисрнинг Ал-Каҳира News телеканали биринчи беморлар Рафаҳ чегарасидан ўтганини маълум қилди. DPA’нинг таъкидлашича, ҳозирча Мисрдан Ғазога Рафаҳ орқали инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш қайта тикланмаган.
Ҳозирда ёрдам Миср ва Исроил ўртасидаги Керем-Шал назорат-ўтказиш пункти орқали ўтказилмоқда, у ерда уларни Исроил аскарлари текширмоқда. Синайда аллақачон Ғазо учун 3000 та юк машинаси тайёрланди, деб хабар беради агентлик.
Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти май ойидан бери ёпилган эди
Исроил армияси 2024 йилнинг 7 май куни Рафаҳ шаҳрига танклар олиб кириб, Миср билан чегарани назоратга олган эди. Ойнинг охирига келиб, Исроил томони сектор жанубий чегарасидаги бутун Филаделфия йўлагини ўз назоратига олди. У ердан қўшинларнинг босқичма-босқич олиб чиқилиши Исроил ва ҲАМАС гуруҳи ўртасида 2025 йил январь ойи ўрталарида тузилган битимнинг бандларидан биридир.
Исроил 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумидан сўнг Ғазога қўшин киритишга қарор қилди. Ўшанда ҲАМАС Исроилга кенг кўламли ракета зарбаларини бериб, 250 дан ортиқ кишини гаровга олиб, Ғазога олиб кетган эди. Гаровга олинганларнинг бир қисми келишув доирасида алмаштирилди ёки озод қилинди, бир қисми эса ҳалок бўлди.
Яқин Шарқдаги зиддиятнинг кучайиши
Исроил бунга жавобан ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Қуруқликдаги операция ва Ғазо секторини бомбардимон қилиш пайтида қарийб 50 минг нафар фаластинлик ҳалок бўлди ва яна 110 минг нафардан ортиқ киши жароҳатланди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш битими кучга кирди
Жорий йилнинг 19 январь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху канселярияси Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим кучга киргани ҳақида хабар берди. Келишув шартларига кўра, Исроил армияси Ғазо сектори ҳудудларининг аксарият қисмидан чиқиб кетади, фақатгина Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги Филаделфия йўлагида, шунингдек, Фаластин эксклави ва Исроил чегарасидаги махсус буфер ҳудудида ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолади. Ғазонинг тинч аҳолиси ўз уйларига, жумладан, жанглар туфайли энг кўп зарар кўрган шимолий ҳудудларга ҳам қайтиш имкониятига эга бўлади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар