23:12 / 02.02.2025
44

Валенсияда норозилик намойиши: Минтақа ҳукумати истеъфоси талаб қилинмоқда

Валенсияда норозилик намойиши: Минтақа ҳукумати истеъфоси талаб қилинмоқда
Валенсияда минглаб испан фуқаролари норозилик намойишига чиқиб, минтақа раҳбари Карлос Мазон ва унинг ҳукумати истеъфосини талаб қилишди. Улар 2024 йил октябрь ойида юз берган сув тошқини вақтида зарур чоралар кўрилмагани ва ўз вақтида фавқулодда огоҳлантириш берилмагани учун ҳукуматни айбламоқда. Офат натижасида юзлаб инсонлар ҳалок бўлган.

Бу Валенсияда ўтган йил октябридан буён бўлиб ўтаётган тўртинчи йирик норозилик намойиши бўлди. Тадбирда 25 мингга яқин инсон иштирок этган.

Карлос Мазон испан жамияти томонидан қаттиқ босимга учраган. Намойишчилар ҳукуматига нисбатан жиддий танқидлар билдириб, фуқаролар офат ҳақида шаҳар кўчаларини сув босгандан кейингина огоҳлантирилганини таъкидламоқда. Уларга кўра, фавқулодда ҳолат ҳақидаги хабарлар мобил телефонлар орқали кечиктирилган ҳолда етказилган.

Консерватив Халқ партияси вакили бўлган Мазон табиий офатга қарши ўз вақтида чора кўрмаганликда ҳам айбланяпти. Маълумотларга кўра, жабрланганларга дастлаб кўнгиллилар ёрдам берган, ҳукумат эса полиция ва ҳарбий кучларни жалб қилишда сусткашликка йўл қўйган.

Мазон эса бу танқидларга жавобан табиий офат миқёсини олдиндан аниқлаш мумкин эмаслигини ва минтақавий ҳукумат марказий ҳукуматдан етарли маълумот олмаганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Валенсиянинг айрим ҳудудларида бир неча соат ичида бир квадрат метрга 300 литрдан ортиқ ёмғир ёғган. Айниқса, Чива қишлоғида бу кўрсаткич 491 литрга етган, бу эса бутун йиллик ёғингарчилик миқдорига тенгдир. Кучли сув оқими кўприкларни вайрон қилган, одамлар, машиналар ва ҳатто уйларни суриб кетган.

Сув тошқинидан энг катта зарар кўрган ҳудудлардан бири – Валенсия чеккасида жойлашган Пайпорта шаҳрида, ҳукумат расмийлари ташрифи пайтида, маҳаллий аҳоли томонидан норозилик намойиши уюштирилди. Ҳатто айрим намойишчилар Испания қироли Филипп ва қиролича Летисияга лой отган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг