Россияга қарши урушда 45 100 га яқин украиналик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, дея маълум қилди Украина президенти Владимир Зеленский.
Зеленский, бундан ташқари, Украина ҳимоячиларининг 390 мингга яқин яраланиш ҳолати қайд этилганини айтди.
"Аниқлаштираман: жароҳатлар сони жароҳатланганлар сонидан кўпроқ, чунки ярадор бўлиб, сўнг жанг майдонига қайтиб, яна жароҳатланган одамлар бор", дея тушунтирди у.
Зеленский Россиянинг йўқотишлари сонини ҳам баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Украинага ҳужум пайтида 350 мингга яқин россиялик ҳалок бўлган, яна 600-700 минг киши яраланган.
Декабрда Зеленский Украина армиясининг 43 минг аскари ҳалок бўлганини айтган эди
2024 йилнинг декабрь ойи бошида Украина етакчиси уруш бошланганидан бери 43 минг нафар украиналик аскар ҳалок бўлгани, яна 370 минг нафари эса жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. У “ярадорларнинг тахминан 50 фоизи сафга қайтиши ва барча жароҳатлар, шу жумладан енгил ҳамда такрорий жароҳатлар қайд этилиши”ни таъкидлади.
Очиқ маълумотлар асосида Украинанинг йўқотишлари ҳақида маълумот тўплайдиган УАЛоссес лойиҳаси 63 минг нафардан ортиқ ҳалок бўлган украиналик ҳарбийлар ҳақида хабар берган.
The Economist ноябрь ойи охирида Украина уруш бошланганидан бери 60 мингдан 100 минг нафаргача аскарини йўқотган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган. Нашр Ғарб разведка хизматлари маълумотлари, АҚШ маъмурияти вакилларининг баёнотлари ва очиқ манбалардан олинган маълумотларга таяниб, яна 400 минг нафарга яқин украиналик аскар сафга қайтишга имкон бермайдиган даражадаги жароҳатлар олганини қайд этган.
Бир оз аввал Украина президенти агар аҳолига тинчлик олиб келишнинг ягона схемаси Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар столига ўтириш бўлса, бунга тайёрлигини айтди.
"Агар бу украиналиклар учун тинчликка эришишимиз ва одамларни йўқотмаслигимиз мумкин бўлган ягона конфигурация бўлса, албатта, биз бунга борамиз", деди Зеленский.
Шунингдек, у ҳозирги кунда Украина барча ҳудудларни қайтариб ололмаслигини ва “эришиш эҳтимоли бўлмаган натижа учун миллионлаб одамларни йўқотиши мумкин эмаслигини” таъкидлади.
♦ Украинанинг урушни тугатиш шартлари
Украина қўшинларни 1991 йил чегараларига олиб чиқишни назарда тутувчи “тинчлик формуласи”ни амалга оширишни талаб қилмоқда. Гап 2014 ва 2022 йилларда Россия томонидан у ерда ўтказилган “референдумлар” ва Украинанинг Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ноқонуний аннексия қилингани ҳақида кетмоқда. Москва “тинчлик формуласи” асосида музокаралар олиб бориш имкониятини истисно қилади.
♦ Россия шартлари
Путин ўт очишни тўхтатиш учун ўз шартларини илгари сурди, жумладан, Украина қўшинлари ўзини ўзи мустақил деб эълон қилинган ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларидан олиб чиқилиши, ушбу тўртта ҳудуд ва Қрим гўёки халқаро миқёсда Россиянинг бир қисми сифатида тан олиниши, Украинанинг НАТОга аъзоликдан воз кечиши ва санкцияларни олиб ташлаш. Зеленский бу таклифни “ишониб бўлмайдиган” ультиматум деб атади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар