Фото: document.no
Швеция Стокҳолмдан тахминан 200 км ғарбда жойлашган Эребру шаҳридаги Campus Risbergska катталар таълим марказига кеча содир этилган қуролли ҳужум ортидан бир кунлик мотам эълон қилди. 5 феврал, чоршанба куни парламент ва қироллик саройи биноларидаги байроқлар тушириб қўйилди.
Олти нафар жабрланувчи шифохонада қолмоқда
Эребру полицияси бошлиғи Роберто Эйд Форест матбуот анжуманида гумон қилинаётган жиноятчи полиция уни топган вақтида ўлик ҳолатда бўлганини билдирди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг хабар беришича, ҳужум оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, уларнинг ҳаммасининг ҳам шахси ҳозирча аниқланмаган.
Минтақавий соғлиқни сақлаш хизмати директори Жонас Классоннинг сўзларига кўра, олти нафар жабрланувчи шифохонада қолмоқда, улардан беш нафарида ҳаётига хавф туғдирувчи ўқ жароҳатлари бор. Ҳозирда беморларнинг аҳволи барқарор, икки нафари ҳамон реанимацияда.
Жиноятчининг мақсади номаълумлигича қолмоқда. Терговчиларнинг фикрича, у ёлғиз ҳаракат қилган ва ҳужум террорчилик ҳаракати эмас. Ҳужум қилгани тахмин этилаётган шахс аввал полицияга маълум бўлмаган. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим версияларни рад этишди. Айни дамда терговда жиноятчи мафкуравий сабабларга кўра ҳаракат қилган деб ҳисоблашга асос йўқ, дея маълум қилинди.
Швеция расмийлари: мамлакат тарихидаги энг қўрқинчли оммавий отишма
Швеция бош вазири Улф Кристерссон Эребрудаги ҳодисани «Швеция тарихидаги энг қўрқинчли оммавий отишма» деб атади. Швеция адлия вазири Гуннар Стрёммер вазиятни «жуда жиддий» дея баҳолади. «Ушбу воқеа бизнинг жамиятимизни тубдан ларзага келтирди. Биз бошқа мамлакатлар ҳақидаги хабарларни даҳшат билан ўқиган бўлишимиз мумкин, лекин бу Швецияда ҳеч қачон содир бўлмайди деб ўйлаган нарсамиздир», деди у.
Бир кун аввал ўқитувчилари билан атрофдаги ресторандан паноҳ топишга муваффақ бўлган ўқув марказидаги ўқувчилар мактабга «ниқобли одам» кириб, ўт очгани ҳақида хабар берганди.
Рисбергск марказида бир нечта, шу жумладан болалар учун ҳам таълим муассасалари мавжуд, аммо у ерда асосан 20 ёшдан ошган одамлар ўрта ва қўшимча таълим олишади. Бошқа нарсалар қаторида, у иммигрантлар учун швед тили курслари ва ногиронлар учун касбий тайёргарлик курсларини таклиф қилади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар