14:40 / 07.02.2025
0

Сиднейда ҳовлидан 102 та заҳарли илон топилди

Сиднейда ҳовлидан 102 та заҳарли илон топилди
Фото: AFP
Сиднейлик эркак уйининг орқа ҳовлисида 102 та заҳарли илон яширинган ин топиб олди. У дарҳол судралиб юрувчиларни тутиш билан шуғулланувчи Reptile Relocation ташкилотига мурожаат қилди.

Илонлар тўкилган барглар уюмида ин қурган бўлиб, уларнинг мавжудлиги уй эгасининг итини чаққанидан кейин маълум бўлди. Reptile Relocation раҳбари Кори Кереваро судралиб юрувчилар сони жуда кўп бўлгани сабабли, уларни тутиш учун овчиларга қўшимча ёрдам керак бўлганини таъкидлади.

Мутаҳассислар уч соат ичида 102 та қизил қоринли қора аспид илонларини қўлга олди. Бу тур фақат Австралияда яшайди ва вояга етганларининг узунлиги икки метргача етиши мумкин. Одатда, улар тажовузкор эмас ва одамлардан қочишга ҳаракат қилади.

Қизил қоринли қора аспидларнинг заҳари таркибида нейротоксинлар, миотоксинлар ва коагулянтлар бор. Бу инсон учун жиддий асоратлар келтириб чиқариши мумкин, аммо ҳозиргача ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Тутилган барча илонлар Қироллик миллий боғига яқин ҳудудга қўйиб юборилади. Австралия музейи олимларига кўра, ушбу тур насл қолдириш даврида одатда олтитагача бўлиб тўпланиши мумкин.

— Овчилар ҳали бирор марта битта жойдан бу қадар кўп қизил қоринли қора аспидларни топмаган эди, — дейди Кори Кереваро.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг