12:34 / 10.02.2025
1 091

Исроил ҳарбийлари фаластинлик ҳомиладор аёлни отиб ўлдирди

Исроил ҳарбийлари фаластинлик ҳомиладор аёлни отиб ўлдирди
Иллюстратив фото: YouTube
Исроил ҳарбийлари босиб олинган Ғарбий соҳилда ҳужумларни кенгайтириб, Фаластин ҳудудидаги Нур Шамс қочқинлар лагерида ўтказилган рейдда икки аёлни ўлдирди. Улардан бири саккиз ойлик ҳомиладор эди. Бу ҳақда Al Jazeera'га таяниб Дарё хабар берди.

Ҳарбийлар лагердаги фаластинлик оилага қарата ўт очиб, аёлни ўлдирган ва унинг турмуш ўртоғини оғир яралаган. Тиббий гуруҳлар 23 ёшли аёлнинг ҳомиласини сақлаб қола олмаган. Чунки Исроил ҳарбийлари ярадор эр-хотинни шифохонага олиб кетишга тўсқинлик қилгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, 21 ёшли аёл ҳам ўз уйида исроиллик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган. Фаластиннинг Wafa агентлиги Исроил армияси 9 февраль куни Ғарбий соҳилнинг Тулкарем провинциясидаги лагерга бостириб киргани ва оғир техника ҳамда бульдозерларни жойлаштирганини маълум қилди.

Аввалроқ Фаластин Қизил ярим ой жамияти қурбонлар ҳақидаги хабарларга қарамай, Исроил аскарлари ўз тиббий гуруҳларининг лагерга киришига тўсқинлик қилганини айтганди. Исроил армияси юқоридаги ҳолатлар бўйича текширув олиб бораётганини маълум қилди. Лагерда “бузғунчи фаолият”га қарши операция ўтказаётганини даъво қилган Исроил, ҳудудда комендантлик соати жорий этган.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида ҳужумлар оқибатида 26 мингдан ортиқ фаластинлик Женин ва Тулкаремдаги уйларидан кўчирилди. Ўтган ойда Ғазода ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганидан бери Исроил босиб олинган Ғарбий соҳил бўйлаб ҳужумлар частотаси ва интенсивлигини оширди.

Исроил аскарлари ўнлаб оилаларни мажбуран кўчирганидан бир кун ўтиб, фуқароларнинг уйларига рейдлар давом этмоқда, уларнинг баъзилари мактабларда бошпана топмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг