17:17 / 12.02.2025
182

Бокуда «Рус уйи» ёпилиши Москва билан сиёсий совуқлик нишонасими?

Бокуда «Рус уйи» ёпилиши Москва билан сиёсий совуқлик нишонасими?
Озарбойжон мамлакат пойтахти Бокуда жойлашган «Рус уйи» («Русский дом») ёпилишини эълон қилди. Бир неча кун аввал бу ташкилот муассиси ҳисобланган Россотрудничество бу ҳақда хабардор қилганди. 10 феврал куни Бокудаги «Русский дом» биносини бузиш бошланди. Озарбойжон ҳолатни расман ташкилотнинг рўйхатдан ўтишдаги муаммоси билан боғлаган, лекин гап бошқа нарсада экани аниқ...

Оқтовдаги авиаҳалокатдан кейин

25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида Озарбойжон ҳаво йўлларига тегишли Embraer 190 самолёти қулаб тушгани эсингизда бўлса керак. Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига қараб учган самолёт кутилмаганда бутун бошли Каспий денгизини учиб ўтиб Қозоғистонга қўнишга қарор қилгани маълум бўлгандаёқ жиддий нимадир содир бўлганини тахмин қилиш мумкин эди. Кейинроқ учоқ Қозоғистон осмонида кескин пастлаб, ғалати манёврларни амалга оширгани ва қулаб тушиб портлагани акс этган машъум видеолар тарқалди. Ҳалокатдан кўп ўтмай самолёт фюзелажида ўқ излари акс этган видеолар пайдо бўлди ва ўша ондаёқ ҳаммаси аниқ эди – самолёт ердан туриб ўққа тутилган.

Бир неча соат ўтиб Embraer 190 Грозний осмонида Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилгани маълум бўлди. Бироқ Россия томони ҳамон буни тан олгани йўқ. Россия ҳалокат ҳақида фақат бир марта расмий маълумот берди ва унда айтилишича, самолёт ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашув, шунингдек, кислород баллони портлаши сабаб бўлган.

Ҳалокатдан бир неча кун ўтиб Озарбойжон президенти Илҳом Aлиев маҳаллий телеканалларга интервю бериб, самолёт руслар томонидан уриб туширилгани, бироқ Москва буни тан олиш ўрнига қушлар ва кислород баллони ҳақида уйдирмаларни илгари сураётганини жаҳл билан гапирди. Ўша интервю куни Владимир Путин Илҳом Aлиев билан телефон суҳбати чоғида бўлиб ўтган воқеа учун узр сўради. Бироқ Путин Россия самолётни уриб туширгани учун эмас, Кремл хабарига кўра, шунчаки «ҳодиса Россия осмонида содир бўлгани учун» кечирим сўраган.

Aлиев кейинчалик ҳам Россия айбини тан олиши кераклиги ҳақида бир неча марта гапирди. Хусусан, ҳалокатда қурбон бўлган озарбойжонликлар оила аъзолари билан учрашув вақтида самолёт руслар томонидан уриб туширилгани кундай равшан эканини таъкидлади. Хуллас, ўша ҳалокатдан кейин Москва ва Боку ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди.

«Пишиб келган» совуқлик

Шу ўринда Россия – Озарбойжон муносабатлари ҳақида икки оғиз. Биринчи Қорабоғ урушида Aрманистон Россия ёрдами билан Қорабоғни Озарбойжондан тортиб олганини билсангиз керак. Шу жиҳатдан олинса, Озарбойжон Россияга нисбатан қандай муносабатда эканини тушуниш мумкин. Лекин Россия қанчалик кучли давлат экани инобатга олинса, Боку табиийки, Москва билан сен-менга бора олмасди.

Озарлар 30 йил тарихий ерларини қайтиб олиш учун тайёрланди. Ва табиийки душманлари кимнинг қуроли билан Қорабоғни босиб олганини унутмади. Россия Украинага қарши уруш билан бўлиб қолиб, Ереван билан муносабатлари совуқлашган вақтда Озарбойжон пайт пойлаб битта ҳамлада Қорабоғни қайтиб олди.

30 йил давомида Боку Россияга қарши бирор ҳаракат қилмади, уруш бошланганидан кейин санкцияларга ҳам қўшилмади, Aлиев Москвадаги тадбирларда доимий қатнашиб келди. Бироқ Embraer 190 авиаҳалокати шунча йил қайсидир маънода «пишиб келган» совуқлик юзага чиқишига сабаб бўлди.

Тўғри, Озарбойжон «Русский дом» ёпилишини сиёсий муносабатлар билан боғлагани йўқ. Лекин маҳаллий нашрларда бу уй ёпилиши расмий хабарда айтилганидек шунчаки регистрация билан боғлиқ эмаслиги ҳақида гаплар чиқди. «Озарбойжоннинг ўзи донор давлат ва ташқаридан ёрдамга муҳтож эмас. Aйниқса бу ёрдам разведка билан шуғулланиши кундай равшан бўлган ташкилотлар орқали келса», деган Report нашри билан суҳбатда маҳаллий мулозимлардан бири. У «Русский дом» ва AҚШнинг USAID ташкилотлари офиси ёпилганига шу тариқа муносабат билдирган.

Валуевга тақиқ

Россиялик Николай Валуев деган боксчини эсласангиз керак. Бизнинг Руслан Чагаевдан «бир арава калтак еб» чемпионлик жангида мағлуб бўлган барзанги. Aна шу боксчи ҳозир сиёсатга кирган. У ҳукмрон «Единая Россия» депутати. Озарбойжон ана шу россиялик депутатга мамлакатга киришни тақиқлади. Валуев «Русский дом» ёпилишига муносабат билдирар экан, «Россиядаги озарбойжонликларни текшириб қўйиш керак», деганди. Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги бу гапидан кейин Валуевни персона нон грата деб эълон қилди.

Валуев Бокунинг бундай рўйхатига кирган биринчи россиялик депутат эмас. Унгача Константин Затулин ва Виталий Милонов ҳам Озарбойжонда ҳушланмайдиган кас деб эълон қилинган.

Озарбойжон ТИВ матбуот котиби Ойхон Ҳожизода бу депутатларнинг учаласи ҳам ҳукмрон партия вакиллари экани афсусланарли деган. Яъни дипломат Озарбойжонни ҳақорат қилган депутатларнинг барчаси Путиннинг партиясидан демоқчи. Дипломатия тили шунақа, ҳамма нарсани очиқ айтиш ярамайди.

Хуллас, мана шунақа гаплар. Собиқ иттифоқ ҳудудидаги яна бир давлатнинг Россия билан муносабатлари совуқлашди. Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз ва муҳим гап бўлса, албатта, сизга хабар берамиз. Энг муҳим воқеаларни ўтказиб юбормаслик учун Kun.uz'ни кузатиб боринг. Ижтимоий тармоқлардаги ва YouTube саҳифамизга обуна бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг