19:35 / 13.02.2025
106

Қирғизистон президенти Cадир Жапаров тўрт йилда нималарга эришди?

Қирғизистон президенти Cадир Жапаров тўрт йилда нималарга эришди?
Cадир Жапаров Қирғизистон президенти лавозимига киришганига тўрт йил тўлди. 2021 йил 10 январь куни бўлиб ўтган сайловда у электоратнинг 79,2 фоиз овозини олиб ғалаба қозонган эди. Қирғизистон жамоатчилиги ва матбуоти Cадир Жапаров ўтган тўрт йил давомида нималарга эришганини муҳокама қилмоқда.

С.Жапаров ҳокимиятга келган пайтда мамлакат коронавирус пандемияси оқибатларидан азият чекар, халқаро алоқалар заифлашиб, ташқи қарз ҳажми ошиб кетган эди. Шу сабаб у иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва инфратузилмани ривожлантиришга эътибор қаратди.

Парламент бошқарувидан президентлик тизимига ўтиш, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш, Қумтор олтин конини давлат тасарруфига қайтариш С.Жапаров амалга оширган илк чора-тадбирлар сирасига киради.

Маълумотларга қараганда, Қумтор кони хориж компанияси тасарруфида бўлган 28 йил мобайнида 420 тоннадан зиёд олтин қазиб олинган, республика эса бундан бир тоннадан кўпроқ фойда кўрган. Кон давлат ихтиёрига ўтгач, умумий даромад 3,4 миллиард долларга, соф фойда эса 1,2 миллиард долларга етган.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида 2024 йилга қадар давлат ғазнасига 125 миллиард доллар маблағ қайтарилган.

Тўрт йил ичида 100 дан зиёд корхона, жумладан, олтин қазиб олиш ва автомобиль заводлари қурилган, “Қамбарота-1” ГЭСи, Хитой–Қирғистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланган, юзлаб мактаб, боғча, шифохона барпо этилган, қисқа муддатда ички аэропортлар фаолият тикланган, авиақатновлар сони оширилган. Масалан, 2021 йилда 109 та ижтимоий объект (59 та мактаб, 12 та боғча, 11 та шифохона, 4 та маданият, 2 та спорт маскани ва б.) қурилган бўлса, 2024 йилда 230 та ижтимоий объект (100 та мактаб, 31 та боғча, 11 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 7 та маданият, 13 та спорт маскани, 12 та тураржой ва б.) барпо этилган.

Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ошириш йўлида ҳам сезиларли ютуқларга эришилган. Масалан, энг кам пенсия миқдори 1800 сомдан 6900 сомга ортган. Пенсиянинг ўртача миқдори эса 10547 сомга етган.

Таҳлилчилар Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегара масалалари ҳал этилганини ҳам муҳим ютуқлардан бири деб ҳисоблайди.

Тўрт йил ичида С.Жапаров мамлакат нуфузини ошириш учун хорижий давлатларга ўнлаб ташрифларни амалга оширган. Жумладан, 2024 йил июль ойида у Хива шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Ушбу ташриф ўзбек–қирғиз дўстлиги, қардошлигида янги саҳифа очди.

Қирғизистон матбуотига кўра, С.Жапаров тўрт йил ичида эскича қарашлар, стереотипларни бузиб, янги бошқарув пойдеворини қўйишга муваффақ бўлди. У Қирғизистонни дунёнинг ривожланган 30 давлати сафига киритиш мақсадини қўйган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг