09:43 / 14.02.2025
181

Украинадаги урушда бедарак йўқолганлар сони 50 минг кишидан ошди

Украинадаги урушда бедарак йўқолганлар сони 50 минг кишидан ошди
Фото: Reuters
Охирги бир йил ичида Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар натижасида бедарак йўқолганлар сони икки баравардан кўпроқ ошиб, 50 минг кишига етди. Бу ҳақда Халқаро Қизил хоч қўмитаси (ХҚХҚ) маълумотларига таяниб, Reuters хабар берди.

«ХҚХҚ ўтган йили 23 минг бедарак йўқолган одамни ҳужжатлаштирган эди. Орадан бир йил ўтиб, бу рақам икки баравардан кўпроқ ошди: қўмита 50 мингга яқин бедарак йўқолиш ҳолатини қайд этди», — дейди агентликнинг бедарак йўқолганларни қидириш бўйича Марказий бюроси раҳбари Душан Вужасанин.

Унинг сўзларига кўра, Украинада бедарак йўқолганларнинг қарийб 90 фоизи ҳарбий хизматчилардир. ХҚХҚ йўқолганларнинг миллати бўйича статистикани келтирмаган. Ташкилот «экспоненциал ўсиш»ни қайд этган — ўртача ҳар ой 1 000 дан 5 000 нафаргача одам бедарак йўқолмоқда. Бу ҳолат Россия-Украина урушининг ҳар ой кучайиб бораётгани ва ҳисобот механизмлари такомиллашаётгани билан боғлиқ (масалан, бедарак йўқолганларнинг оилалари учун онлайн ҳужжатлаштириш тизими ишламоқда).

ХҚХҚ Украинадаги уруш натижасида бедарак йўқолганларни қидиришни 2022 йил март ойидан бошлаб, Марказий қидирув бюроси орқали мувофиқлаштириб келмоқда. Ташкилотга ҳам Украина, ҳам Россия бедарак йўқолганлар ҳақидаги маълумотларни етказади.

Ўтган ҳафтада Украинадаги ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи штаб январ ойида Россия армиясининг бедарак йўқолган ҳарбий хизматчилари бўйича РФ фуқароларидан рекорд даражада сўров келиб тушганини эълон қилганди. Штаб маълумотларига кўра, 2025 йил январ ойида «Топишни хоҳлайман» лойиҳаси доирасида Россия ҳарбийларининг қариндошлари томонидан 8 548 та сўров берилган — бу 2024 йил декабрига нисбатан 22 фоизга кўп бўлиб, бутун лойиҳа давомида энг юқори кўрсаткичдир. Лойиҳа давомида Россия Қуролли кучларининг 60 мингдан ортиқ бедарак йўқолган аскарлари ҳақида сўровлар келиб тушган. Бу кўрсаткич ҳалок бўлганларни ҳисобга олмайди ва реал йўқолганлар сонидан 2-3 баравар кам, чунки у фақат расмий сўровларга асосланган.

Украина президенти Володимир Зеленский британиялик журналист Пирс Морганга берган интервюсида уруш бошланганидан бери 45,1 минг нафар украин ҳарбийси ҳалок бўлгани, ярадорлар сони эса 390 мингга етганини маълум қилганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг