![АҚШ вице-президенти америкалик ҳарбийларни Украинага юбориш билан таҳдид қилди](/uploads/posts/2025-02/38204210c2_qdf_a7eynfuguh2jr_mj2tydk6c7rhuy.webp)
Фото: leah millis/Reuters
Агар Владимир Путин Киевнинг узоқ муддатли мустақиллигини кафолатлайдиган тинчлик шартномасига рози бўлмаса, АҚШ Россияга қарши санкциялар қўллаши ёки ўз қўшинларини Украинага юбориши мумкинлигини истисно қилмайди, деди АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс The Wall Street Journal нашрига берган интервюсида.
«Иқтисодий босим ричаглари бор, албатта, ҳарбий босим ричаглари ҳам бор», — деди Вэнс. Унинг сўзларига кўра, агар Москва музокаралар олиб боришдан бош тортса, АҚШ қўшинларини Украинага юбориш варианти «кун тартибида» қолади.
Вэнснинг Украинага АҚШ қўшини юборилиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет Брюсселда Украина бўйича контакт гуруҳи йиғилиши вақтида бундай эҳтимолни истисно қилгани ортидан янгради.
АҚШ вице-президенти журналистлар билан суҳбатда Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг музокаралари натижасида «кўпчиликни ҳайратда қолдирадиган битим» тузилиши мумкинлигини билдирган. Шу билан бирга, у Трамп музокаралар давомида у ёки бу масалалар бўйича ўз фикрини ўзгартириши мумкинлигини таъкидлади. Ҳозир унинг маъмуриятининг мақсади — Путинни дипломатияда жанг майдонидагидан кўра кўпроқ нарсага эришишига ишонтиришдир.
Венснинг қўшимча қилишича, Украинанинг қанча қисми Россия назорати остида қолиши ёки АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Киевга қандай хавфсизлик кафолатларини таклиф қилиши мумкинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта. Унинг сўзларига кўра, бу тафсилотлар тинчлик музокаралари давомида ишлаб чиқилиши керак. «Кўплаб формулировкалар, конфигурациялар мавжуд, аммо бизни Украинанинг суверен мустақиллиги ташвишлантиради», — деган вице-президент.
Бундан ташқари, Вэнс Украина бўйича муваффақиятли тинчлик келишувидан кейин Россия билан муносабатларни қайта тиклашни таклиф қилди. АҚШ вице-президентининг фикрича, Москванинг Ғарб бозорларидан ҳозирги изоляцияси уни «Пекиннинг кичик укаси»га айлантиради.
The Wall Street Journal қайд этишича, Жей Ди Вэнс АҚШнинг Россияга нисбатан позициясини Пентагон раҳбари Пит Ҳегсетга қараганда қатъийроқ шаклда тақдим этган. 12 феврал куни Брюсселда Украина бўйича контакт гуруҳи йиғилишида Ҳегсет европалик иттифоқчилар олдида нутқ сўзлаб, Россия-Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилишда қилиниши мумкин бўлган ён беришларга ишора қилганди.
Хусусан, Ҳегсет Украинанинг 2014 йилгача бўлган чегараларига қайтишини — «хаёлий мақсад» деб атаб, Киев НАТОга қўшилиши «можарони музокаралар йўли билан ҳал этишнинг реал якуни бўлмаслиги»ни билдирганди. У шунингдек ҳар қандай хавфсизлик кафолатида ҳам АҚШ қўшини Украинага юборилишини истисно қилганди.
Доналд Трамп 12 феврал куни аввал Россия президенти Владимир Путин, кейин эса — Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Трамп урушни якунлаш бўйича музокараларни бошлашга келишиб олинганини маълум қилди. Financial Times маълумотига кўра, Трамп ва Путин Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга апрел-май ойларида эришишни кўзламоқда.
Кремлдагилар музокараларда «асосий томон — АҚШ» экани, шу билан бирга «иккитомонлама Россия-Америка треки»га параллел равишда Украина ҳам жалб этилган музокаралар ўтказилишини билдирди. Зеленский эса Киев АҚШ ва Россия Украина иштирокисиз тузадиган келишувни қабул қилмаслигини маълум қилди. У шунингдек музокараларда Европа вакиллари ҳам иштирок этиши керак деб ҳисобламоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар