18:13 / 14.02.2025
675

АҚШнинг 14 та штати расмийлари Маск ва Трампни судга берди

АҚШнинг 14 та штати расмийлари Маск ва Трампни судга берди
Фото: Reuters
АҚШнинг 14 та штатидан демократ прокурорлар ва расмийлар президент Дональд Трамп ва Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маскни судга берди. Бу ҳақда ABC News'га таяниб Дарё хабар берди.

Даъво аризасида таъкидланишича, Маскнинг тайинланиши АҚШ конституциясини бузмоқда, чунки у сенат томонидан тасдиқланиши лозим бўлган вазифаларни бажармоқда.

Ҳеч ким томонидан сайланмаган битта шахс қўлида давлат ҳокимиятининг тўпланишидан кўра демократияга каттароқ таҳдид йўқ, дея таъкидланади даъво аризасида.

Штатлар Маскка давлат маблағларини ўзгартириш, федерал хизматчилар билан шартномаларни бекор қилиш ва бошқаларни тақиқлашни сўрамоқда.

Ариза Нью-Мексико бош прокурори Рауль Торрес ва Аризона, Мичиган, Мериленд, Миннесота, Калифорния, Невада, Вермонт, Коннектикут, Род-Айленд, Массачусец, Орегон, Вашингтон ва Гавайи штатлари расмийлари томонидан берилган.

Нью-Мексико бошчилигидаги штатларнинг таъкидлашича, Маск “мисли кўрилмаган” ваколатларга эга бўлган, бу унга федерал агентликларни тугатиш ва қонунчилик тасдиғисиз бюджетларни қисқартириш имконини беради. Шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) 26 нафар ходими ва пудратчилари DOGE ваколатларини чеклашни талаб қилиб, даъво аризаси киритган.

Бир қатор идоралар аллақачон DOGE’нинг махфий маълумотларга киришини чеклаган, суд эса агентликка USAID’нинг 2 мингдан ортиқ ходимини қисқартиришни вақтинча тақиқлаган. Даъвогарлар Маскнинг барча қарорларини ноқонуний деб топишни ва унинг DOGE’даги фаолиятини сенатда тасдиқланмагунча тўхтатиб туришни талаб қилмоқда.

Трамп администрация таъкидлашича, Маск қонун доирасида ҳаракат қилмоқда, DOGE эса давлат харажатларини қисқартириш ва коррупцияга қарши кураш билан шуғулланмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг