13:18 / 15.02.2025
163

AP журналистлари Оқ уйнинг Овал кабинетига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди

AP журналистлари Оқ уйнинг Овал кабинетига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди
Фото: AP
The Associated Press (AP) ходимларига Оқ уйнинг Овал кабинетида ва АҚШ президентининг Air Force One самолётида пайдо бўлиш тақиқланди. Бу ҳақда 14 феврал, жума куни Оқ уй аппарати раҳбарининг алоқа ва кадрлар бўйича ўринбосари Тейлор Будович X ижтимоий тармоғида ёзди.

Қарор AP ўз нашрларида Мексика кўрфазининг номини Америка кўрфази деб ўзгартиришдан бош тортганлиги сабабли қабул қилинди. «Associated Press Америка кўрфази учун қонуний географик ном ўзгаришига эътибор бермасликда давом этмоқда», деди Будович агентликни «нотўғри маълумот»да айблаб.

«Уларнинг масъулиятсиз ва инсофсиз репортажлар тайёрлаш ҳуқуқи Биринчи тузатиш билан ҳимояланган, аммо бу уларга Овал кабинет ва президент самолёти каби чекланган ҳудудларга тўсиқсиз кириш имтиёзини бермайди», дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, The Associated Press журналистлари ва фотосуратчилари Оқ уй мажмуасига ташриф буюриш ваколатларини сақлаб қоладилар, дея аниқлик киритди бош штаб бошлиғи ўринбосари.

«Трамп маъмурияти AP'ни мустақил журналистика учун жазолаяпти»

The Associated Press ижрочи муҳаррири Жули Пейс АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг бу ҳаракатини номақбул деб атади.

«Трамп маъмурияти AP'ни мустақил журналистика учун жазолаётгани ташвишли», деди Пейс. «AP'нинг ёритишига асосланиб, Овал кабинетга киришимизни чеклаш нафақат жамоатчиликнинг мустақил янгиликлардан фойдаланишига жиддий тўсқинлик қилади, балки биринчи тузатишни ҳам аниқ бузади», деб давом этди у.

«AP услуби нафақат агентлик томонидан қўлланилади. AP Stylebook бутун дунё бўйлаб минглаб журналистлар ва бошқа ёзувчилар томонидан қўлланилади», деди агентлик муҳаррирлари.

«Дунё бўйлаб янгиликлар тарқатувчи глобал ахборот агентлиги сифатида AP географик номлар барча аудиторияга осонликча таниш бўлишини таъминлаши керак», деб хулоса қилди улар.

AP ахборот агентлиги 1846 йил май ойида Ню-Йоркда ташкил этилган. 2023 йилда The Associated Press журналистлари Россиянинг Украинага қарши урушини ёритганликлари учун иккита Пулитцер мукофотига сазовор бўлди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг