15:50 / 16.02.2025
2 214

Украина армияси Покровск атрофида қарши ҳужумга ўтди. Бу нимани англатади?

Украина армияси Покровск атрофида қарши ҳужумга ўтди. Бу нимани англатади?
Фото: haqqin.az
2025 йил бошидан буён фронтдаги ҳарбий тўқнашувлар миқдори барқарор равишда камаймоқда, масалан, февралнинг дастлабки ҳафтаси давомида анча вақтдан буён россияликларнинг кунлик ҳужумлари сони 100 мартадан кам бўлган. Россия армияси томонидан бу даражада паст фаоллик охирги бор ярим йил олдин, август ойида кузатилганди.

Аммо Покровск атрофидаги вазият энг таҳдидлиси бўлиб қолмоқда. Россиянинг 1000 километрга чўзилган бутун фронт бўйлаб ҳар кунги ҳужумларининг учдан бир қисми, баъзида эса тенг ярми айнан шу йўналишда қайд этилмоқда.

Украина қуролли кучлари Бош штабига кўра, бу ерда россияликлар ҳам катта йўқотишларга учрамоқда. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский келтирган статистикага кўра, январ ойининг ўзида Москва Покровск атрофида 15 минг ҳарбий йўқотган, шундан 7 минг нафари — тикланмас йўқотишлардир.

Фото: Reuters
Бироқ, Россия армиясининг бу ердаги сўнгги нисбатан муваффақиятли ҳаракатлари 2024 йил ноябр ойи охири — декабр ойи бошида қайд этилган, ўшанда рус ҳарбийлари Покровскнинг жануби-ғарбий чеккаларига ёриб ўтишга муваффақ бўлган эди. Ўтган икки ой ичида УҚК душманнинг ҳужумини сезиларли даражада тўхтатишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, украиналиклар муваффақиятли қарши ҳужумлар уюштира олди.

Бу январ ойи охирида «Ҳортица» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи қўмондони ўзгарганидан кейин содир бўлди. Фронтнинг бу участкасига бир вақтнинг ўзида Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони бўлган генерал Михайло Драпатий масъул этиб тайинланди.

Қанотлардаги кураш

Ўтган йилнинг куз фасли ўрталаридан РФ армияси Покровскдаги украин гарнизонига таъминот йўлларини кесиб қўйиш мақсадида шаҳарни шарқ, жануб ва ғарбдан ўраб олиш режасини амалга оширишга киришди.

Россия армияси шаҳарнинг шарқий чеккасига 2024 йил сентябр ойи охирида яқинлашишга муваффақ бўлди. Куз охирига келиб, россиялик ҳарбийлар Покровскка олиб борадиган жанубий йўлларни кесиб қўйди ва декабр ойида Котлино қишлоғи яқинида Межевая шаҳрига (Днепропетровск области) олиб борувчи автомобил йўлига чиқди.

Россиялик ҳарбийларнинг кейинги мақсади — шимолроқда Павлоградга олиб борувчи трассани кесиб қўйиш, шунингдек Днипропетровск областининг маъмурий чегараларига етиш ҳисобланади. Икки вазифа ҳам уддалаб бўлмас вазифа эмас — икки ҳолатда ҳам россияликлар тахминан 4-5 километр масофа босиб ўтиши қолган. Аммо Кремлни бу мақсаддан Украина қуролли кучларининг фронтнинг мазкур участкасида кучайиб бораётган қаршилиги тўсиб турибди.

Украинларнинг DeepState таҳлилий портали 10 феврал куни берган хабарга кўра, қарши ҳужумлар эвазига Покровск участкасидаги икки жойда олдинги позициялар қайтариб олинган.

Россиялик ҳарбийлар ҳар куни Покровскни ўққа тутмоқда. Аммо шаҳарда тинч аҳоли вакилларидан 7 мингга яқин киши бор
Хусусан, украин ҳарбийлари россияликларни Покровск жанубидаги Даченское қишлоғидаги позициялардан, шунингдек шаҳардан шарқдаги Водяное Второе қишлоғидан суриб ташлаган.

Биринчи ҳолатда мудофаа кучларининг қарши ҳужуми Чунишен темирйўл станцияси яқинидаги муҳим мудофаа тугунини қўлга киритиш хавфини бартараф этишга имкон берди. Иккинчи ҳолатда — россияликларнинг Покровск-Константиновка трассасини кесиб қўйишга уринишлари тўхтатилган.

Кейинги куни DeepState Украина қуролли кучлари россияликларни Покровскдан жануби-ғарбда жойлашган Песчаное қишлоғидан ҳам чекинтиргани ҳақида хабар берди.

Муваффақиятли қарши ҳужумлар тўғрисидаги маълумот «Ҳортица» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи қўмондонлиги томонидан ҳам тасдиқланган.

«Ҳа, Покровскдан жануби-ғарбда жанглар кетмоқда, бу шунчаки кўп сонли қишлоқлар ва посёлкалар. Ҳа, у ерда муваффақиятли қарши ҳужумларга мисоллар бор. Ҳа, у ерда у ёки бу аҳоли пунктларида ўрнашиб олишга бўлган айрим уринишларга мисоллар бор. Ва ҳа: у ерда мунтазам равишда жанг кетмоқда», —деган гуруҳ вакили Виктор Трегубов.

Россиядаги ҳарбий мавзуга ихтисослашган телеграм-каналлар ҳам Украина армиясининг Покровск жануби ва ғарбидаги «локал қарши ҳужумлари» ҳақида ёзмоқда, аммо уларнинг аксарияти муваффақиятсизликка учраганига ишонтирмоқда.

Бу нима учун муҳим?

Украина қўмондонлигининг бу ҳаракатларидан кўзланган аниқ мақсад Покровск яқинидаги душман ҳужумини шунчаки тўхтатиш эмас, балки идеалда Россия армияси жануби-ғарбий йўналишда шакллантирган «узун ханжар»ни бутунлай кесиб ташлашдир.

Узунлиги тахминан 7 км ва кенглиги 10 км бўлган бу «ханжар» Песчаное — Успеновка оралиғидан шаклланган ва Удачное — Котлино оралиғигача чўзилган.

Украинадаги «Ахборий қаршилик» таҳлилчиси Константин Машовец фронтнинг мазкур кичик участкасига Россия бирданига иккита умумқўшин армиясининг (41 ва 2-армиялар) асосий кучларини — 90-танк дивизияси кучлари ҳамда камида бешта мотоўқчилар бригадасини жамлаганини қайд этган.

Аммо шундай катта кучлар ҳам асосий вазифани — Покровскнинг шимоли ва ғарбидан ёриб ўтиб, Удачное, Успеновка, Зверево ва бошқа қишлоқларни эгаллаш вазифасини бажара олмади.

Машовецнинг фикрича, бунинг сабаби шундаки, Россия қўмондонлиги нафақат ғарбга, балки жанубга ҳам кириб боришни кенгайтириш зарурлигини етарлича баҳоламаган.

«Яъни, Покровскни қуршаб олиш ва айланиб ўтишнинг ўзи асосий кучлари билан жанубга, Новопавловск йўналишида ҳаракат қилаётган 90-танк дивизиясини ўз зарбдор гуруҳининг чап қанотини ҳимоя қилиш учун доимий равишда олдинга „суриш“ зарурати билан бевосита боғлиқ. Россия қўшинлари Покровскдан шимоли-ғарбга қанчалик „чуқурроқ“ кириб борса, улар бу дивизияни шунчалик узоқроқ ва шиддатлироқ „суриши“ керак», —дейди шарҳловчи.

Унинг ҳисоблашича, Россия қўшинлари қўмондонлиги Покровск ғарбидаги ҳужумга «шошилган». Унинг фикрича, бу амалиётни фақат Украинанинг Курахово яқинидаги плацдарми тўлиқ йўқ қилингандан кейингина ташкил этиш мумкин эди.

Россия қўшинларининг энг кўп ҳужумлари айнан Покровск йўналишига тўғри келмоқда
Феврал ўрталарига келиб ҳам Украина гуруҳи Дачное, Улакли ва Константинопол ҳудудларини ўз назоратида сақлаб қолмоқда. Бу Покровскдан 27-30 километр жануброқда.

Шунга кўра, Кремл ўзининг энг яхши жанговар қисмларини, хусусан, 90-танк дивизиясини бир вақтнинг ўзида иккита қарама-қарши йўналишга сочиб юборишга мажбур ва уларнинг ҳеч бирида тўлиқ муваффақиятга эриша олмайди.

Россия кучлари бундай «чўзилиши» уларнинг зичлиги пасайишига олиб келади, бу эса, ўз навбатида, Украина қуролли кучларига локал қарши зарбалар уюштириш имконини қолдиради.

Машовец РФ қўмондонлиги Покровск йўналишидаги муаммони ҳал этиш учун яқин вақтлар ичида ўз қўшинларини қайта гуруҳлашга уринишини прогноз қилмоқда.

Россиядаги манбалар, масалан, Readovka ҳарбий нашри Украинанинг Покровск яқинида Россия армиясининг чуқур кириб боришини тўхтатишга қаратилган дастлабки уринишлари муваффақиятсизликка учраганини қайд этган.

«Душман катта кучлар ва интенсив артиллерия ёрдами билан таъминланган бундай улкан режани амалга ошира олмади. УҚК эски хатосини такрорлади. Улар сон ва босим орқали кўпроқ нарсага эришишга қодир бўлган етарли миқдордаги кучларни бир вақтнинг ўзида жангга киритишдан қочишди», — дейилади нашрнинг таҳлилий эслатмасида.

Мақолада айтилишича, кейинги ҳаракатлар прогнози қуйидагича: Украина кучлари яна ўз режасини амалга оширишга ва Россия қўшинларини Покровскдан ғарбга қайтаришга ҳаракат қилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг