11:19 / 18.02.2025
405

Давлат департаменти: Ар-Риёддаги учрашув бу - Украина бўйича музокаралар эмас

Давлат департаменти: Ар-Риёддаги учрашув бу - Украина бўйича музокаралар эмас
Фото: Lukas Coch/IMAGO
АҚШ маъмурияти Россия делегацияси билан Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги учрашувни Украина бўйича «музокаралар»нинг бошланиши сифатида эмас, балки президентлар Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги телефон суҳбатининг давоми сифатида баҳоламоқда, деди 17 феврал, душанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Темми Брюс. «Менимча, одамлар буни тафсилотларга ёки музокараларга тааллуқли нарса сифатида кўрмаслиги керак», — дея Брюснинг сўзларини келтиради AFP.

Аввалроқ Россия делегацияси аъзоси, Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам худди шундай фикрда гапирган эди. Унга кўра, Саудия Арабистонида Россия ва АҚШ делегациялари Украина бўйича музокараларни қандай бошлашни муҳокама қилади. «Энди савол Украина бўйича музокараларни қандай бошлаш бўйича келишиб олишда, чунки Америка томони ҳали биз билан иш олиб бориши мумкин бўлган бош музокарачини тайинлагани йўқ», деб тушунтирди Ушаков.

«Муносабатларни нормаллаштириш масалаларини муҳокама қилиш, Украинада эҳтимолий музокараларни бошлаш масалаларини муҳокама қилиш ва энг юқори даражадаги алоқалар истиқболларини муҳокама қилиш бу — учта вазифа», деди Ушаков.

18 февралдаги музокараларда Ушаковдан ташқари Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам иштирок этади. Мулоқотга Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам қўшилиши мумкин, деб ёзади ТАСС. Америка делегацияси таркибига давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Яқин Шарқ бўйича махсус элчи Стив Уиткофф киради.

Украина АҚШ-Россия музокараларида қатнашмаяпти

Украина президенти Володимир Зеленский Саудия Арабистонидаги Украина вакиллари АҚШ ва Россия делегацияларининг учрашувида иштирок этмаслигини тасдиқлади. Бир кун аввал Украина ҳукумати делегацияси Зеленскийнинг ташрифига тайёргарлик кўриш учун Саудия Арабистонига амалий ташриф билан келган эди.

Ўз навбатида Европа мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украина бўйича ягона позицияни ишлаб чиқиш учун Парижда учрашди. Германия ташқи ишлар вазирлиги Европа шу тариқа ўз ҳаракатларини мувофиқлаштираётганини ва шундан сўнг Украинадаги можарони ҳал қилишда ягона ёндашувни қўллашини тушунтирди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг