09:00 / 20.02.2025
1 035

Украина Путиннинг Курск бўйича баёнотини “ёлғон” деб атади

Украина Путиннинг Курск бўйича баёнотини “ёлғон” деб атади
Архив фото: Спутник
Россия президенти Владимир Путин 19 февраль куни рус армияси Курск вилояти чегарасини кесиб ўтиб, Украина ҳудудига киргани ҳақида баёнот берганди. Украина мазкур баёнотни инкор этди. Бу ҳақда Deutsche Welle'га таяниб Дарё хабар берди.

"Путиннинг Россия қўшинларининг кенг кўламли ҳужуми ҳақидаги маълумотлари ёлғондир", дея таъкидлади Украина ҳукумати ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг қўпорувчи-разведка гуруҳи Курск вилоятидан Украина ҳудудига киришга муваффақиятсиз уриниш қилган ва йўқ қилинган. Бундан бир оз олдин Путин рус аскарларининг Курск вилояти орқали Украина ҳудудига кирганини эълон қилганди.

"Менга атиги бир соат олдин етказилган энг сўнгги маълумотга кўра, бугун тунда 810-бригада жангчилари Россия Федерацияси ва Украина чегарасини кесиб ўтиб, душман ҳудудига чиқишди. Бутун жанговар тўқнашув чизиғи бўйлаб бизнинг қўшинларимиз ҳужумга ўтмоқда", деган эди Путин.

Украина Қуролли кучлари бош штаби ҳам Путиннинг баёнотларини рад этмоқда

Штабнинг 19 февраль кунги долзарб ҳисоботида Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида жанговар ҳаракатларнинг Курск йўналиши ҳақида ҳам сўз боради.

Курскда украиналик ҳимоячилар босқинчиларнинг учта ҳужумини қайтармоқда, ҳозирда жами 12 та жанговар тўқнашув қайд этилган. Украина қўшинлари бутун жанговар тўқнашув чизиғи бўйлаб ва фронт ортида душманни ҳолдан тойдирмоқда, деб ёзди Бош штаб Путин баёнотидан кейин.

Ҳисобот эълон қилинган вақтда Украина Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский томонидан расмий изоҳ берилмаган.

Курскка ҳужум

2024 йил 6 августда Украина армияси Курск вилоятида ҳарбий операцияни бошлади. 12 августга келиб, 28 та аҳоли пункти Украина кучлари назоратига ўтгани ҳақида ўша пайтда вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов хабар берди. Январь ойида Россия Мудофаа вазирлиги Украина томони минтақанинг 1268 кв. км ҳудудини эгаллаб олганини маълум қилди (Курск вилоятининг умумий майдони - 29,9 минг кв. км). Январь ойи ўрталарига келиб, Россия идораси маълумотларига кўра, 801 кв. км (63,2%) қайтариб олишга эришилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг