
Scientific Reports журналида чоп этилган тадқиқотларга кўра, квант даражасида вақт нафақат олдинга, балки орқага ҳам ҳаракатланиши мумкин. Бу кўплаб олимлар томонидан нотўғри қўлланган анъанавий математик тахминларга зид келади. Баъзи квант тизимлари икки хил вақт ўқига эга бўлиши мумкин: бири одатий йўналишда, иккинчиси эса аксинча ҳаракат қилади. Ушбу кашфиёт жуда кичик миқёсда вақт асимметрияси мавжуд бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Квант механикасида вақт симметрияси
Квант физикасининг алоҳида зарралар ҳаракатини тасвирловчи тенгламалари вақт йўналишига ҳеч қандай чеклов қўймайди. Бу шундай деган маънони англатадики, квант механикасининг фундаментал қонунлари вақт симметриясини сақлаб қолади ва вақт икки томонга ҳаракатланиши мумкин. Бироқ, кўплаб зарралардан иборат катта тизимлар ҳақида гап кетганда, физиклар қўллайдиган тенгламалар ўтмиш ва келажакни ажратиб туради.
Квант термодинамикаси тадқиқотчиси, Британиядаги Суррей университети профессори Томас Гуффнинг таъкидлашича, бу кашфиёт жуда қизиқ бир савол туғдирди:
«Қайси ҳисоб-китоб босқичида вақт симметрияси йўқолади? Қачон вақтнинг қайта тикланмаслиги пайдо бўлади?»
Гуфф ва унинг ҳамкасблари шуни кўрсатдики, вақт симметрияси сақланиб қолиши мумкин. Улар атроф-муҳит билан ўзаро таъсирлашадиган квант тизимларини ўрганиб, бу тизимлар иккита қарама-қарши йўналишдаги вақт ўқини сақлаб қолишини аниқлади.
Вақтни орқага қайтариш мумкинми?
Олдинроқ, кўплаб назариячилар ҳар қандай тизим атроф-муҳит билан ўзаро таъсирлашганда, маълум миқдорда иссиқлик йўқотади ва бу ҳодиса вақтнинг ўтмишдан келажакка ҳаракатланишини белгилайди, деб ҳисоблашган. Бироқ, Суррей университетидан биолог ва физик Андреа Рокко бу фикрга қарши чиқиб:
«Агар вақтни орқага буриш мумкин бўлса-чи?» — деган саволни илгари сурди.
Унинг таъкидлашича, бундай ҳолда тизим ҳаракатини тасвирловчи тенгламалар бироз ўзгарган бўлар эди.
Олимлар мазкур тенгламаларни икки қарама-қарши вақт ўқи мавжуд бўлган ҳолатлар учун мослаштириш мумкинлигини кўрсатди. Бу тенгламалар турли хил тизимларга, масалан, тасодифий флуктуацияларга дучор бўладиган ёки доимий равишда ўз ҳолатини ўзгартираётган тизимларга, шу жумладан, Броун ҳаракати каби жараёнларга тааллуқлидир.
Гарчи ҳозирча бу ҳақда аниқ математик исбот мавжуд бўлмаса-да, олимлар вақтнинг икки ўқи пайдо бўлиши табиатда кенг тарқалган ҳолат бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Космологияга таъсири
Индианадаги Батлер университети профессори Гонсало Ордоньезнинг фикрича, вақт симметрияси физикадаги энг муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, ҳозиргача физиклар қайтарилмас жараёнларни тасвирловчи тенгламаларда бир муҳим омилни эътиборга олмаган бўлиши мумкин. Агар бу фактор инобатга олинса, ушбу тенгламалар ўтмиш ва келажакни фарқламайди.
Бу кашфиёт космологияга катта таъсир кўрсатиши мумкин. Агар бутун Олам очиқ тизим сифатида қаралса, у ҳолда катта портлашдан сўнг вақтнинг икки қарама-қарши йўналишда ривожланиши эҳтимоли мавжуд бўлиши мумкин.
Бироқ, Рокко шошилмасликка чақиради:
«Биз шундай фундаментал нарсани топган бўлишимиз мумкинки, у табиатнинг кўплаб соҳаларида намоён бўлади. Лекин буни чуқурроқ англашимиз керак», — дейди у.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар