
15 ойлик урушдан кейин бор-буди – бошпанаси, мисқоллаб йиққан бисоти ва яқинларидан айрилган Ғазо аҳли Рамазон ойини минг бир машаққат билан ўтказмоқда.
Исроил армияси ҳужумлари оқибатида Ғазо секторидаги ўн минглаб тураржойлар, 823 та масжид, 3 та черков, 130 дан зиёд таълим масканлари вайрон бўлган.

Хон Юнус шаҳри. Зулмат ичра нур.
Фото: The New York Times
Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, бутун Ғазо сектори ер билан битта қилингани, озиқ-овқат тақчиллиги кучайиб бораётганига қарамай, фаластинликлар рўза тутиб, камтарона бўлса-да ифторлик дастурхони ёзмоқда.
«Ҳувиллаб қолган Ғазога ҳам Рамазон келди. Бутун дунё рўза ва ибодат ойига байромона кайфиятда қадам қўйган бўлса, биз уни маҳзунлик ва ғам ила қаршиладик. Ўт очишни тўхтатиш узоқ давом этишига ишонч йўқ. Одамлар безовта, жонсарак, улар уруш яна қайта бошланишидан хавотирда», – деб ёзади ғазолик талаба Исро Абу Қамар «Ал-Жазира» сайтида чоп этилган мақоласида.

Ғазо аҳли Рамазонни иккинчи бор уруш шароитида ўтказмоқда. Фото: Anadolu Agency
Ғазода озиқ-овқат ўта тақчиллашган, бори ҳам бир неча баробар қиммат нархда сотилмоқда. Йўқчилик шароитида аксар оилалар саҳарлик ва ифторлик учун аранг егулик топмоқда. Бунинг устига, ғаним ўқига учган минглаб ғазоликларга бу йил Рамазонни қаршилаш бахти насиб этмади.
«Уруш пайти 48 мингдан зиёд киши ҳалок бўлди. Расмий ҳужжатлардан бутун бошли оилалар номи ўчди, афсуски, улар бу йил рўза тута олмайдилар. Ифтор дастурхони атрофидаги жойлар бўм-бўш: фарзандларини оғиз очишга чорлаган отанинг овози энди эшитилмайди, ифтор пайтини интизор кутган ўғилнинг чеҳрасини энди ҳеч ким кўрмайди, мазали таомлар тайёрлаган она ҳам бу дунёни тарк этган. Мен ҳам қадрли инсонларимни йўқотдим», – деб ёзади Исро Абу Қамар.
Ғазолик талаба минтақадаги масжидлар вайрон этилгани, ҳатто қадимий Умар жомеъ масжиди ҳам бомба остида қолгани, муаззинларнинг дилга ором бағишловчи овози ўрнини ракета ва бомба шовқини эгаллаганини афсус билан қайд этади.

Жабалиялик аёл ифторлик учун қўлбола ўчоқда таом ҳозирламоқда. Фото: AP
Муаллифга кўра, гарчи Ғазо сектори буткул вайрон этилган бўлса-да, жафокаш фаластинликларнинг озод ва ҳур яшашга бўлган ишончи асло сўнмаган.
«Масжидларимиз вайрон этилгандир, аммо бизнинг имон-эътиқодимиз сингани йўқ. Биз хароб уйларда, чодирларда бўлса-да таровеҳ намозини адо этамиз, сидқидилдан дуо қиламиз, Қуръон тиловат этамиз. Имонимиз комилки, Аллоҳ биз чеккан азоб-уқубатлар учун улкан ажр беради», – дейди Исро Абу Қамар.
19 январь куни тузилган сулҳ битимига мувофиқ, Исроил маъмурияти Ғазога озиқ-овқат ва бошқа зарурий буюмлар келтирилишига рухсат берган эди. Аммо сўнгги хабарларга қараганда, Бинямин Нетаняҳу ҳукумати ҲАМАС ҳаракати сулҳ битимини бузганини иддао қилган ва ўзи шундоқ ҳам очлик, ташналик шароитида яшаётган анклавга инсонпарварлик кўмаги киришини тўхтатган.

Борига қаноат қилаётган рафаҳликлар. Фото: AFP
Исроил армияси бомбардимон ва отишмаларни ҳам қайта бошлаган.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазо секторидан фаластинликларни кўчиришдек ўта баҳсли таклифни илгари сурган эди. «France24» мухбири билан суҳбатлашган ғазоликлар ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ўз ватанларини асло тарк этмасликларини айтишган.

Жабалия. Вайроналар ичида ифторлик. Фото: Xinhua
Исроилнинг жанговар ҳаракатлари оқибатида Ғазо секторида гуманитар инқироз юзага келган, минглаб оилалар кунлик ғизо – озиқ-овқатдан маҳрум қолмоқда. Халқаро ташкилотлар Исроил 2,3 миллион нуфусли ҳудудга инсонпарварлик кўмагини ўтказишга тўсқинлик қилаётганини танқид қилиб келади.
Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар