
Канада Доналд Трамп томонидан бошланган савдо урушига жавобан 155 миллиард долларлик Америка товарларига 25 фоизли бож жорий этади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди.
Аввалига божлар 30 миллиард долларлик товарларга, 21 кундан кейин эса қолган 125 миллиард долларлик товарга нисбатан қўлланилади. Бундан ташқари, Канада Жаҳон савдо ташкилотига АҚШ устидан шикоят киритади.
«АҚШ Канадага — яқин шериги ва иттифоқчиси, дўстига қарши савдо урушини бошлади. Шу билан бирга, улар Владимир Путинни — ёлғончи, қотил диктаторни тинчлантириб, Россия билан ижобий ҳамкорлик ҳақида гапирмоқда», — дейди Трюдо.
Жастин Трюдо канадаликлар «ақлли ва хушмуомала» эканини, лекин мамлакат ва унинг фуқаролари фаровонлиги хавф остида бўлса, улар «курашдан чекинмаслигини» қўшимча қилди.
«Доналд! Ҳамкорликдаги саккиз йилдан ортиқ фаолиятимиз давомида биз кўплаб катта ишларни амалга оширдик… The Wall Street Journal’га қўшиладиган одатим йўқ, аммо Доналд, улар сени жуда ақлли йигит деяётган бўлишса ҳам, бу аҳмоқлик», — дейди Канада бош вазири Трампга мурожаат қилиб.
Трюдонинг баёнотидан кейин Доналд Трамп TruthSocial ижтимоий тармоғида қуйидагича изоҳ қолдирди: «Илтимос, Канада губернатори Трюдога тушунтиринглар, АҚШга жавоб божлари жорий этилиши билан бизнинг қайта тарифларимиз яна шунча суммага ошади».
АҚШда 4 мартдан бошлаб Канада ва Мексика товарларига нисбатан 25 фоизли божларни жорий этиш тартиби кучга кирди. Шунингдек, Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга 10 фоизли бож жорий этилди. Трамп ўзининг мазкур қарорини «Мексика, Канада ва Хитойни ноқонуний иммиграция ҳамда заҳарли фентанил ва бошқа гиёҳванд моддаларнинг АҚШга кириб келишини тўхтатиш борасидаги ваъдасини бажаришга мажбурлаш» дея изоҳлаган.
Америка божлари кучга кирганидан кейин Хитой ҳам бунга жавоб чоралари қўлланилишини эълон қилди. Мексика президенти Клудия Шейнбаум АҚШга жавоб қайтаришга ваъда бериб, кўриладиган чоралар бўйича 9 март куни батафсил чиқиш қилишини айтди.
Фото: Toronto Star

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар