
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ ва Украина ўртасидаги музокараларда ижобий ўзгаришлар борлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, икки давлат вакиллари бўлажак учрашув устида иш бошлаган.
Зеленский бу ҳақда 6 март куни ўз видеомурожаатида гапирди. Ундан сўнг, Украина президентининг штаб бошлиғи Андрей Ермак АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Валс билан телефон орқали суҳбатлашганини ва музокаралар натижалари келаси ҳафтада эълон қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
Адолатли тинчлик сари қадам
Андрей Ермак ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Майк Валс билан телефон суҳбати ҳақида алоҳида пост ёзди. Унда,
«Биз адолатли ва мустаҳкам тинчлик йўлида кейинги қадамларни муҳокама қилдик. Шунингдек, АҚШ ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларда позицияларни мослаштириш ҳақида ҳам фикр алмашдик», – деб ёзади Ермак.
Зеленский ўз видеомурожаатида Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммити олдидан қатор халқаро ишлар амалга оширилганини ҳам таъкидлади. Украина раҳбари Голландия, Португалия, Словения ва Германия етакчилари билан мулоқот қилиб, уларга қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирганини айтди.
АҚШ Украина билан разведка маълумотлари алмашишни тўхтатди
Бу музокаралар АҚШнинг Украинага рус қўшинлари ҳаракатлари ҳақидаги муҳим разведка маълумотларини бермаслик ҳақида қарор қабул қилганидан кейин содир бўлмоқда.
Америка Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Валс 6 март куни бу ҳақда шундай деган:
«Биз орқага қадам ташладик, вақтинчалик танаффус қилдик ва муносабатларимизнинг барча жиҳатларини кўриб чиқяпмиз».
Бу қарор Вашингтон ва Киев ўртасидаги муносабатлардаги кескинликни кўрсатмоқда. АҚШ 4 март куни Украинага ҳарбий ёрдамни вақтинча тўхтатган эди. Зеленский эса музокараларга тайёр эканини эълон қилди ва Украина билан Америка ўртасидаги шериклик муносабатларини сақлаб қолиш муҳимлигини қайд этди.
АҚШ ва Украина ўртасидаги музокаралар яна жонланаётгани кўзга ташланмоқда. Зеленский ва Ермак билдиришича, АҚШ ва Украина ўртасида янги учрашув ўтказиш режалаштирилмоқда ва бу тинчлик музокараларига йўл очиши мумкин.
Бироқ Вашингтоннинг Украина билан разведка маълумотлари алмашишни тўхтатиши, шунингдек, АҚШ ҳарбий ёрдамининг вақтинча тўхтатилиши Украина учун жиддий синов бўлиб қолмоқда. Бунга қандай ечим топилиши эса келгуси ҳафтадаги музокараларда ойдинлашади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар