
2025 йилда Европа семизлик конгрессида тақдим этилган тадқиқотлардан бири, турмуш қурган эркакларда семириш хавфи аёлларга нисбатан анча юқори эканлигини кўрсатди. Шунингдек, тадқиқотда турмуш қурган эркакларнинг, турмуш қурмаганларига қараганда, 3,2 баравар кўпроқ семиргани аниқланган. Эркаклар саломатлиги форуми маслаҳатчиси Жим Полларднинг сўзларига кўра, эркакларда тана вазнининг ошиши стрессли карьера ва носоғлом овқатланиш сабабли бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар 50 ёшдаги 2405 кишининг тиббий ва умумий саломатлик маълумотларини ўрганиб, тана вазнининг ошишини турли омилларга асосланган ҳолда таҳлил қилдилар. Оилавий аҳвол, ёш, руҳий саломатлик каби омиллар статистик таҳлилга киритилди.
Маълум бўлишича, никоҳ эркакларда 62 фоиз, аёлларда эса 39 фоиз ортиқча вазнга эга бўлиш эҳтимолини оширган. Бу, ўз навбатида, турмуш қурган эркаклар фақат кўпроқ вазн тўплаганини эмас, балки уларнинг саломатлигига таъсир қилган турмуш тарзи ўзгаришларини ҳам кўрсатади.
2024 йилда Хитойда олиб борилган тадқиқотга кўра, эркакларнинг тана вазни индекси (ТВИ) турмуш қурганидан кейинги беш йил ичида юқори калорияли овқатларни истеъмол қилиш ва кам жисмоний машқлар туфайли ошиши кузатилган. Bath университети томонидан ўтказилган тадқиқотда турмуш қурган эркаклар турмуш қурмаган ҳамкасбларига қараганда ўртача 1,4 кг оғирроқ эканлиги маълум бўлди.
Тадқиқотларда ёш ҳам вазн ортишининг асосий омили сифатида кўрсатилган. Варшавада ўтказилган тадқиқотда ёшнинг ортиши билан ортиқча вазнга эга бўлиш хавфи эркакларда 3 фоизга, аёлларда эса 4 фоизга ошгани аниқланди. Шунингдек, семизлик хавфи эркакларда 4 фоизга, аёлларда 6 фоизга ошган.
Бундан ташқари, олимлар аёлларда семириш хавфини оширувчи омиллардан депрессияни айтиб ўтдилар. Аёлларнинг семириш хавфи депрессия туфайли икки бараварга ошгани маълум бўлди. Бундан ташқари, тиббий саводхонликнинг етарли эмаслиги аёлларда семизлик хавфини 43 фоизга оширган. Аммо, эркакларда бу омиллар вазннинг ошишига таъсир қилмаган.
Семизлик альянси директори Кетрин Женнер ушбу тадқиқот ортиқча вазн шунчаки шахсий танлов эмас, балки ижтимоий, психологик ва экологик омилларнинг мураккаб аралашмаси туфайли юзага келишига ишорат қилди. Шунга қўшиб, эркакларда семизлик ва никоҳ ўртасидаги боғлиқлик, турмуш тарзининг ўзгариши, овқатланиш одатлари ва жамият кутган натижалар саломатликка таъсир қилишини кўрсатди.
Bath университети олими Жоанна Сирданинг айтишича, турмуш қурган эркакларнинг вазни никоҳдан кейин ошиши, айниқса, ижтимоий мажбуриятлар ва мунтазам овқатланиш натижасида келиб чиқади. Аёллар эса, жамият босими туфайли ортиқча вазн тўплаши мумкин.
Шу билан бирга, глобал семизлик билан боғлиқ муаммо ҳали ҳам етарлича жиддий. 1990 йилдан бери глобал семизлик кўрсаткичлари икки баравардан кўпроққа ошган. Бугунги кунда дунёда 2,5 миллиарддан ортиқ катталар ва болалар ортиқча вазндан азият чекмоқда. Мутахассислар 2050 йилга келиб, катталарнинг ярмидан кўпи ва болаларнинг учдан бир қисми ортиқча вазн билан касалланишини прогноз қилмоқда.
Шунингдек, олимлар ва мутахассислар семизлик ва ортиқча вазннинг олдини олиш учун ижтимоий ва экологик омилларни ҳисобга олиб, кенг қамровли сиёсат ва йўналишларни илгари суриш зарурлигини таъкидлашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар