
Доналд Трамп маъмурияти вакилларининг The Guardian’га маълум қилишича, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Ямандаги ҳусийларга зарбалари ҳали бир неча ҳафта давом этиши мумкин.
15 март куни Доналд Трамп АҚШ Қуролли кучларига Ямандаги «Ансоруллоҳ» ҳаракатининг ҳусийларига қарши ҳарбий операция бошлашни буюрди. У ушбу ҳаракатни АҚШ ҳамда бошқа давлатларнинг денгиз кемалари ва самолётларига қарши «қароқчилик, зўравонлик ва терроризмда» айблади. Сўнгги маълумотларга кўра, авиазарбалар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган.
Қўшинларнинг Яқин Шарқдаги ҳаракатларини бошқарувчи АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги шанба кунги ҳужумларни Яманда амалга ошириладиган кенг кўламли операциянинг бошланиши деб атади.
«Ҳусийларнинг Америка кема ва самолётларига (ва бизнинг қўшинларимизга!) ҳужуми қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Уларнинг ҳомийси бўлган Эронга эса огоҳлантириш берилди», — деб ёзади АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига.
Пентагон вакилининг газетага маълум қилишича, 2023 йилдан бери ҳусийлар АҚШ ҳарбий кемаларига 174 маротаба, тижорий кемаларга эса 145 маротаба ҳужум уюштирган.
Al-Arabiya телеканалининг гуруҳни исми ошкор этилмаган вакилига таяниб маълум қилишича, ҳусийлар АҚШ билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирган.
Ўз навбатида ҳусийлар сиёсий бюроси аъзо Ҳузам ал-Асаднинг қайд этишича, «Ансоруллоҳ» АҚШ Яман шаҳарлари бомбардимон қилингани учун жавоб бермагунга қадар музокараларга бориш ниятида эмас.
Маълумот учун, ҳусийчилар – яманлик шиа жангари ҳаракати бўлиб, расман «Ансоруллоҳ» номи билан танилган. Улар Яман ҳукуматига қарши, шунингдек, Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчиларига фаол қуролли қаршилик кўрсатади, Исроилни асосий душмани деб ҳисоблайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар