22:37 / 17.03.2025
63

Канада АҚШ билан зиддиятлар сабаб Франция билан "яқин дўст" бўлмоқчи...

Канада АҚШ билан зиддиятлар сабаб Франция билан "яқин дўст" бўлмоқчи...
Канаданинг янги бош вазири Марк Карни АҚШ билан савдо зиддиятлари кучайган бир пайтда Франция билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга қарор қилди. У ўзининг илк хорижий ташрифи доирасида Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.

Карни АҚШ томонидан Канадага нисбатан қўлланилган божхона тўловларининг оширилишини "канадаликларга қарши ҳужум" деб баҳолаган эди. Шу билан бирга, у Оттаванинг жавоб чоралари АҚШ иқтисодиётига максимал даражада таъсир қилиши, Канадага эса минимал даражада зарар етказишига ваъда берди.

Франция билан муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этар экан, Карни: "Бугун дунё бўйлаб кўплаб ҳукуматлар суверенитет ва хавфсизлик тамойилларини рад этишмоқда. Бу шароитда Канада учун Франция каби ишончли иттифоқчилар билан алоқаларни янада кучайтириш ҳар қачонгидан муҳимроқдир", деди.

Карнининг таъкидлашича, Оттава ва Париж ўртасидаги ҳамкорлик дипломатик муносабатларнинг кенгайиши ва иқтисодий имкониятларни оширишга қаратилган бўлади. Бош вазирнинг фикрича, ушбу ташриф тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очиши лозим.

Нима сабабдан ўзининг илк хорижий ташрифи учун айнан Парижни танлаганига изоҳ бераркан, Марк Карни "чунки канадаликлар Францияни яхши кўрадилар", деб таъкидлади ва Канадани "Европага мансуб бўлмаган давлатлар орасида энг европача давлат" сифатида таърифлади.

Бу учрашув икки давлат ўртасидаги стратегик муносабатларнинг келажаги учун муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг