01:05 / 19.03.2025
43

Путин Украина энергетика объектларига 30 кун зарба бермасликни қўллаб-қувватлади

Путин Украина энергетика объектларига 30 кун зарба бермасликни қўллаб-қувватлади
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги телефон мулоқоти якунланди. Кремл маълумотига кўра, икки давлат етакчилари Украина атрофидаги вазият бўйича батафсил ва очиқ фикр алмашишди.

Россия президенти Владимир Путин ўзининг тинч йўл билан можарони ҳал этишга бўлган қатъий интилишини тасдиқлади. У, шунингдек, Америка билан биргаликда муаммони ҳар томонлама, барқарор ва узоқ муддатли ҳал қилиш йўлларини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирган. Путин, шунингдек, Россиянинг хавфсизлик манфаатларини инобатга олиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб, можаронинг асосий сабабларини бартараф этиш кераклигини қайд этди.

АҚШ президентининг 30 кунлик сулҳ жорий этиш ташаббуси орқали Россия, бир қатор муҳим масалаларни кўтарди. Улар орасида бутун фронт бўйича ўт очишни тўхтатишга самарали назоратни таъминлаш, Украинадаги мажбурий сафарбарликни тўхтатиш ва Қуролли кучларнинг қайта қуролланиш жараёнига чек қўйиш зарурати бўйича масалалар муҳокама қилинди. Украина режимининг келишувларга риоя қилишга қодир эмаслиги билан боғлиқ жиддий хавфларга ҳам эътибор қаратилди. Ушбу хавфлар илгари эришилган келишувларни саботаж қилиш ва бузишга қаратилган. Бундан ташқари, Курск областида тинч аҳолига қарши содир этилган террорчилик ҳужумларига алоҳида урғу берилди.

Россия томони шунга қўшимча равишда, Украинага чет эл ҳарбий ёрдамини ва разведка маълумотларини тақдим этишни тўлиқ тўхтатиш кераклигини таъкидлади. Доналд Трампнинг Курск областида қуршовда қолган украиналик ҳарбийларнинг ҳаётини сақлаб қолиш тўғрисидаги мурожаатига жавобан, Путин Россия томони гуманитар тамойилларга амал қилишга тайёрлигини маълум қилди. Агар Украина Қуролли кучлари аскарлари таслим бўлса, уларга муносиб муомала кафолатланишини ва бу Россия қонунлари ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ амалга оширилишини таъкидлади.

Телефон мулоқоти давомида Трамп 30 кун давомида Украина энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича келишув таклифини илгари сурди. Путин эса бу ташаббусни ижобий қабул қилиб, Россия ҳарбийларига тегишли буйруқ берди. Шунингдек, Қора денгиз акваториясида кемалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича Трампнинг илгари сурган ташаббусини амалга ошириш ғоясига ҳам конструктив ёндашиш билдирилди. Бунинг аниқ тафсилотларини қўшимча ишлаб чиқиш мақсадида музокаралар бошлашга келишилди.

Владимир Путин, шунингдек, Россия ва Украина томонлари ўртасида 175-175 форматида асирлар алмашинуви бўйича ҳам маълумот берди. Инсонпарварлик ишораси сифатида, Россия тиббиёт муассасаларида даволанган 23 нафар оғир ярадор украиналик ҳарбий Украина томонига топширилади.

Эътиборли ҳолат шундаки, Путин ва Трамп икки томонлама форматда Украина можаросини ҳал қилиш бўйича иш олиб боришни давом эттиришга қарор қилишди. Бу жараёнда АҚШ президентининг юқоридаги таклифлари ҳам инобатга олинади. Россия ва АҚШ эксперт гуруҳлари ташкил этилиши кутилаётганига ишора қилинди.

Мулоқотнинг якунлари бўйича, икки президент халқаро кун тартибидаги бошқа масалалар, жумладан, Яқин Шарқ ва Қизил денгиз минтақасидаги вазиятни ҳам муҳокама қилдилар. Можароли ҳудудлардаги вазиятни барқарорлаштириш, ядро қуролининг тарқалишини олдини олиш ва глобал хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Мулоқот давомида Россия ва АҚШ ўртасидаги иқтисодиёт ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ғоялар ҳам илгари сурилган. Бундан ташқари, Путиннинг АҚШ ва Россия хоккейчилари иштирокида НҲЛ ва КҲЛ доирасида ўртоқлик ўйинларини ташкил этиш ташаббуси Трамп томонидан қўллаб-қувватланди.

Владимир Путин ва Доналд Трамп Украина можаросини мустаҳкам тинчлик билан якунлаш ҳақидаги фикрга қўшилди, бу икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатларни йўлга қўйишга кўмаклашади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг