11:02 / 19.03.2025
241

Зеленский: Россия урушни узайтиришни мақсад қилган

Зеленский: Россия урушни узайтиришни мақсад қилган
Украина президенти Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путиннинг АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан таклиф қилинган 30 кунлик танаффус ғоясини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги баёнотга жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, Россия бу таклифни амалда рад этди ва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмоқда.

Зеленский Россиянинг янги ҳужумлари ҳақида маълумот бериб, 19 март куни кечаси осмонда 40 га яқин «шаҳед» дронлари ҳаракат қилганини таъкидлади. «Ҳозир кўплаб минтақаларда Россияга аслида нима кераклиги эшитилмоқда. 40 га яқин "шаҳедлар" осмонимизда, ҲҲМ ишламоқда», – деб ёзди Украина президенти. Унинг сўзларига кўра, Россия, айниқса, фуқаролик инфратузилмасига зарбалар бермоқда. Зеленский Сумидаги касалхонага дрон зарба бергани, шунингдек, Донецк вилоятидаги шаҳарларга ҳам ҳужум қилинганини қайд этди.

Россия дронлари ҳозирда Киев, Житомир, Суми, Чернихив, Полтава, Харкив, Кировоҳрад, Днипропетровск ва Черкасск вилоятлари осмонида кузатилмоқда. Зеленский халқаро ҳамжамиятни Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш, Украинага кўпроқ ёрдам кўрсатиш ва хавфсизлик кафолатларини таъминлашга чақирди.

Канада Зеленскийни G7 саммитига таклиф қилди

Канада бош вазири Марк Карни Украина президенти Володимир Зеленскийни 15-17 июн кунлари Албертада бўлиб ўтадиган G7 саммитига таклиф қилди. Бу ҳақда Канада ҳукумати вакили AFP агентлигига маълум қилди. Унинг айтишича, Карни 16 март куни Зеленский билан суҳбатлашган ва унга Украина мудофааси ҳамда глобал тинчликни таъминлаш борасидаги янгиланган маълумотларни тақдим этган.

Канада Украинанинг Россия агрессиясига қарши курашини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Карни Зеленский билан суҳбатни «яхши ва мазмунли» деб баҳолади ва Канада томонидан кўрсатилаётган мудофаа ёрдами ҳамда энергетика секторини қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилишини таъкидлади. Зеленский эса Карнига Москвага босимни кучайтиришга оид «яхши фикрлари» учун миннатдорлик билдирди.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, бутун дунё Путиннинг урушни давом эттиришга уринаётганини рад этиши керак. У халқаро ҳамжамиятни янада қатъий чоралар кўришга чорлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг