13:09 / 20.03.2025
117

Европа Иттифоқи Россияни яқин келажакда хавфсизлик учун асосий таҳдид деб эълон қилди

Европа Иттифоқи Россияни яқин келажакда хавфсизлик учун асосий таҳдид деб эълон қилди
Европа Иттифоқи Россияни Европа хавфсизлиги учун яқин келажакдаги энг жиддий таҳдид сифатида кўришини маълум қилди. Брюсселда эълон қилинган Европа мудофаасининг 2030 йилгача бўлган муддатга оператив тайёргарлиги тўғрисидаги Оқ китобда Россиянинг тажовузкор ядровий сиёсат юритаётгани ва Беларусда ядровий қурол жойлаштириши айниқса хавфли вазият сифатида қайд этилган.

Ҳужжатда Москва «тизимли беқарорлик тармоғи»ни яратишда айбланиб, авторитар давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилиб, Европа Иттифоқининг қўшни ҳудудларида— Ғарбий Болқон, Гуржистон, Молдова ва Арманистон каби давлатларда доимий равишда қарама-қаршилик ва беқарорликни қўзғатиб келаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, Россиянинг Африка қитъасидаги таъсири ҳам барқарорликни бузувчи фактор сифатида таърифланган.

Шунингдек, Брюссел Украинадаги вазиятга алоҳида эътибор қаратган. Европа Иттифоқи фикрича, агар Россия Украинада ўз мақсадларига эришадиган бўлса, унинг ҳудудий амбициялари бундан ҳам кенгроқ қамровга эга бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат – 2025 йилга бориб Россиянинг мудофаа харажатлари харид қобилияти паритети бўйича Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг умумий мудофаа харажатларидан юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу эса Европанинг мудофаа сиёсатида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан Европа Иттифоқи ўзининг мудофаа стратегиясида Россияга нисбатан жиддий эътибор қаратиш ва хавфсизлик чораларини янада кучайтиришга қарор қилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг