318
АҚШ Эронга технология сотганликда айбланаётган хитойликни ушлаш учун 15 млн доллар ваъда қилди

Америка Қўшма Штатлари Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Эронга ҳарбий технологияларни ноқонуний етказиб беришда айбланаётган хитойлик Чжунни қўлга олиш учун 15 миллион долларлик мукофот тайинлади.
ФҚБ маълумотига кўра, Хитой фуқароси Америка электрон компонентларини Хитой ва Гонконг орқали Эроннинг Ислом инқилоби гвардияси ва унинг Қудс кучига етказиб берган. АҚШ ушбу ташкилотларни хорижий террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган бўлиб, улар дронлар, баллистик ракеталар ва бошқа ҳарбий техникалар ишлаб чиқаришда айнан шу компонентлардан фойдаланган деб ҳисоблайди.
Шунингдек, 2024 йилда АҚШ Адлия департаменти Чжундан ташқари яна уч нафар хитойликни Эрон учун ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган компонентларни ноқонуний етказиб беришда айблаган.
АҚШ Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, Эроннинг Ислом инқилоби гвардияси дунёдаги кўплаб террорчилик гуруҳлари, жумладан, ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” ва Ироқдаги Эрон тарафдори бўлган қуролли гуруҳларни молиялаштириб келади. Молиялаштиришнинг бир қисми ҳарбий техника, жумладан, дронлар сотиш орқали амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида, АҚШ президенти Дональд Трамп икки ҳафта аввал Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаийга ядровий қурол яратилишининг олдини олиш учун тўғридан-тўғри музокараларни бошлаш таклифини ўз ичига олган мактуб йўллаганини маълум қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар