
Буюк Британия разведкаси маълумотларига кўра, 2022 йилда Украинага қарши уруш бошланганидан буён Россия армияси ҳалок бўлган ва яраланганлар билан бирга қарийб 900 минг кишини йўқотган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлигининг янги ҳисоботида сўз боради.
Энг катта йўқотишлар
Лондоннинг баҳолашича, Россия қурбонлари 200-250 минг аскарга етган. Бу Россия учун Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта ҳарбий йўқотиш ҳисобланади.
Британия разведкаси Россия раҳбарияти уруш мақсадларини ўз аскарлари ҳаётидан устун қўяётганини таъкидлади. Ҳисоботда айтилишича, Кремль юқори даражадаги йўқотишларга кўникишга тайёр, агар бу аҳолининг қўллаб-қувватлашини заифлаштирмаса ва сафарбарликни давом эттириш имконияти сақланса.
Этник озчиликларнинг мажбурий сафарбарлиги
Ҳисоботда Россия ҳукумати урушда қашшоқ ҳудудлардан келган аскарларни кўпроқ фойдаланаётгани қайд этилган. Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларда сафарбарлик даражаси паст, аммо этник озчиликлар кўп яшайдиган ҳудудларда мажбурий сафарбарлик анча юқори.
"Қашшоқ минтақалардан келган аскарлар номутаносиб равишда кўпроқ фронтга юборилмоқда", — дейилади Британия ҳукуматининг ҳисоботида.
Пентагон ва мустақил манбалар баҳолари
2024 йил ноябрида Пентагон Россия армиясининг умумий йўқотишларини 615 минг киши деб баҳолаган.
Британия мудофаа вазирлиги 2024 йил июнида Россиянинг йўқотишлари 610 минг киши эканини қайд этган — улардан 200 минг киши ҳалок бўлган, 400 мингдан ортиғи яраланган.
Владимир Путин эса шу йилнинг июнь ойида Россия армияси 135 минг ҳарбийни йўқотганини эълон қилган.
Мустақил журналистик ҳисоботлар
BBC рус хизмати ва “Медиазона” журналистлари ҳалок бўлган 95,026 россиялик аскар ва офицерларнинг шахсини аниқлаган.
2024 йил январь-февраль ойларида ушбу рўйхатга 5007 янги қурбон қўшилган. Шунингдек, уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ДХР ва ЛХР қуролли тузилмаларида 21-23,5 минг нафар аскар ҳалок бўлган. Улар орасида кўплаб мажбурий сафарбар қилинган ва фронтга минимал тайёргарлик билан юборилганлар бор.
Халқаро таҳлилчилар ва мустақил манбалар маълумотлари Россия армияси йўқотишлари жуда юқори эканини кўрсатмоқда. Кремль эса ҳозирча бу рақамларни расман тасдиқламасдан, фақат ўз ҳисобларини эълон қилиб келмоқда. Бу эса Россиядаги ахборот хуружлари ва урушга бўлган турли позицияларни янада кучайтириши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар