05:35 / 22.03.2025
20

Акром Имомўғли коррупция ва террорчиликка алоқадорлик айбловларини рад этмоқда

Акром Имомўғли коррупция ва террорчиликка алоқадорлик айбловларини рад этмоқда
Туркия полицияси 19 март куни Истанбул мэри Акром Имомўғлини ҳибсга олди. Унга коррупция ва террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш айбловлари қўйилди.

Туркия мухолиф партияси ва халқаро кузатувчилар ушбу ҳибс сайловолди сиёсий босимнинг бир қисми эканини таъкидламоқда. Имомўғли Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақибларидан бири ҳисобланади.

Имомўғли барча айбловларни рад этди

SZV TV телеканали маълумотига кўра, Акром Имомўғли уч соат давомида кўрсатма берган ва барча айбловларни рад этган. У 22 март, шанба куни соат 21:00 да суд қаршисида жавоб бериши мумкин.

Бу орада, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған унинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ бериб, мухолифат ҳодисани сиёсийлаштиришга уринмоқда, деган фикрни билдирди.

Туркияда ижтимоий тармоқлар чекланди, лира қулади

Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан Туркияда сиёсий ва иқтисодий беқарорлик кучайди:
  • Турк лираси тарихий минимумга қадар қулади.
  • Мамлакатда оммавий норозилик намойишлари кучайиб бормоқда.
  • Туркия ҳукумати ижтимоий тармоқларни чеклаб қўйди, бу эса жамоатчилик эътирозларини янада кучайтирди.

Имомўғли – мухолифатнинг ягона номзоди

Акром Имомўғли Жумҳурият халқ партияси (CHP) аъзоси бўлиб, у Туркия мухолифатининг асосий вакили ҳисобланади. Унинг Туркия президентлиги учун асосий номзодлардан бири сифатида кўрилиши, ҳукуматнинг унга нисбатан бундай босим ўтказиши ҳақидаги тахминларни кучайтирмоқда.

Манбаларга кўра, ҳукуматнинг мақсади Истанбулни ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) назоратига қайтариш.

Имомўғлининг ҳибсга олиниши Туркия сиёсий саҳнасидаги жиддий инқирозга олиб келиши мумкин. Ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги кескинлик тобора кучаймоқда ва бу мамлакатдаги сайлов жараёнларига катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Туркиядаги сиёсий вазият халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлиб, Имомўғлининг суд жараёни мамлакатдаги сиёсий келажак учун ҳал қилувчи паллалардан бирига айланиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг