15:53 / 22.03.2025
107

Собиқ Twitter логотипи кимошди савдосида 34,4 минг долларга сотилди

Собиқ Twitter логотипи кимошди савдосида 34,4 минг долларга сотилди
RR Auction кимошди савдосида собиқ Twitter’нинг мовий қуш кўринишидаги логотипи 34 375 долларга сотилди. Ижтимоий тармоқ номи Х’га ўзгарганидан сўнг ушбу белги компаниянинг Сан-Францискодаги собиқ бош қароргоҳидан олиб ташланганди.

RR Auction хабарига кўра, сотилган логотипнинг ўлчамлари 3,7 метрга 2,7 метр, оғирлиги эса 254 килограммни ташкил этади. Харидорнинг исми ошкор қилинмаган.

Аввал Илон Маск собиқ Twitter офисларидаги мебеллар ва профессионал ошхона жиҳозларини кимошди савдосига қўйган эди.

Ижтимоий тармоқни сотиб олганидан кейин Маск офис ижараси ва шартномалар бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган, деб ёзади ABC News. Шунингдек у ходимлар сонини кескин қисқартирган.

ОАВга кўра, Маск собиқ Twitter буюмларини сотиш орқали компаниянинг аввалги раҳбарияти қилган ортиқча харажатларни кўрсатиб беришни истаган. Шунингдек, Маск компания харажатларини қисқартириш ўзи учун устувор мақсад эканини намойиш этмоқчи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил апрел ойида Илон Маск Twitter’ни 44 миллиард долларга сотиб олди. 2023 йил июл ойида у ижтимоий тармоқ номини ва логотипини Х’га ўзгартирди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг