16:03 / 22.03.2025
586

Трампнинг махсус вакили Украинада тинчликка эришишдаги асосий муаммо нима эканини айтди

Трампнинг махсус вакили Украинада тинчликка эришишдаги асосий муаммо нима эканини айтди
АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида Украинадаги уруш ва тинчлик жараёнига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар – Қрим, Донбасс, Луганск ва яна иккита ҳудуд (эҳтимол, Херсон ва Запорожье) тинчликка эришишдаги энг катта тўсиқ ҳисобланади.

"Хонадаги фил": Украина ҳудудларидан воз кечиши мумкинми?

Уиткоффнинг фикрича, ушбу ҳудудлар бўйича ўтказилган референдумлар (халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган) натижалари аҳолининг аксарияти Россия таркибига қўшилишни хоҳлашини кўрсатган. У бу муаммони "хонадаги фил"га қиёслади, яъни ҳаммага аниқ бўлган, лекин очиқ муҳокама қилинмайдиган масала сифатида баҳолади.

"Украина ҳудудларидан воз кечиши ҳақида ҳеч ким гапиришни истамайди. Россия бу ҳудудларни де-факто назорат қилмоқда, лекин дунё уларни Москва тасарруфида деб тан оладими? Агар Зеленский буни қабул қилса, сиёсий жиҳатдан омон қолиши мумкинми? Бу можародаги марказий масала", – деди Уиткофф.

Ғарб ва Россия позицияси

Уиткофф бу фикрлари билан Ғарб етакчиларининг Россия урушни тугатишни истамаётгани ҳақидаги фикрларига қўшилмаганини билдирди. Унинг таъкидлашича, яқин келажакда тинчлик келишувига эришиш учун "яхши тенденциялар" мавжуд. Шунингдек, у Россия бутун Украинани босиб олишни истамаётганини, балки ҳозирги босиб олинган ҳудудлар ва Қрим Москва учун етарли эканини иддао қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг