17:55 / 25.03.2025
157

ChatGPT ёрдамида судда ютиб чиққан Олмаоталик фуқаро

ChatGPT ёрдамида судда ютиб чиққан Олмаоталик фуқаро
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яшовчи Кенжебек Исмоилов сунъий интеллект ёрдамида судда ғалаба қозонди. У адвокат ёллаш ўрнига ChatGPT нейрон тармоғидан фойдаланиб, жаримага қарши кураш олиб борди ва якунда ишни ютиб чиқди.

Масаланинг моҳияти

Ҳодиса 2023 йил декабрь ойида содир бўлган. Кенжебек Исмоилов йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун 5,8 минг тенге (тахминан 149 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган. У чорраҳада олдида турган юк машинасини айланиб ўтиш мақсадида жамоат транспорти йўлагидан фойдалангани учун жарима олган.

Бироқ Исмоилов бу қарорни адолатсиз деб ҳисоблаб, аввал ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. У ерда унинг шикояти рад этилгандан сўнг, у ишни судга олиб чиқишга қарор қилди.

Сунъий интеллект – янги адвокат?

ChatGPT фуқарога судга мурожаат қилиш учун зарур бўлган аризани тайёрлашда ёрдам берди. Суд жараёнида эса нейрон тармоқ реал вақт режимида унга судянинг саволларига жавоб тайёрлашда ёрдамлашди.

Суд 10 дақиқада қарор чиқариб, Исмоиловга қўйилган жаримани бекор қилди. Бу Қозоғистонда сунъий интеллект ёрдамида ютиб чиқилган илк суд ишларидан бири бўлиши мумкин.

"Бу фуқаролик бурчи эди"

Кенжебек Исмоилов судга шикоят аризаси беришдан мақсади пул эмаслигини таъкидлади:

"Бу мен учун принципиал масала эди. Ходимлар кейинги сафар ўз ишига жиддий ёндашишларини истардим. Суд жараёнида улар ўзини қўпол ва нопрофессионал тутди. Шунинг учун бу ишни охиригача етказдим. Бу менинг фуқаролик бурчим эди."

Эндиликда Исмоилов полиция департаментига мурожаат қилиб, маънавий зарар учун товон ундиришни режалаштирмоқда.

Ҳуқуқшунослар ва жамоатчилик муносабати

Бу воқеа ҳуқуқшунослар ва интернет фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзи мутахассислар сунъий интеллект келажакда юридик соҳада катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидласа, бошқалар бундай тизимларга ҳаддан ташқари суяниб бўлмаслигини айтишмоқда.

Шундай бўлса-да, бу воқеа сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтираётганини ва у ҳатто суд жараёнларида ҳам самарали ёрдамчи бўла олишини кўрсатиб берди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг