
Александр Лукашенко 25 март куни расман Беларус президентли лавозимига киришди. Инаугурация маросимида у қасамёд келтирди ва Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Игор Карпенкодан президент гувоҳномасини қабул қилиб олди.
«Маросимни Марказий сайлов комиссияси раиси Игор Карпенко очиб бериб, Беларус халқининг хоҳишига кўра, эркин ва демократик сайловлар натижасида Александр Лукашенко мамлакат президенти сифатида сайланганини эълон қилди», — дейилади Белта агентлиги хабарида.
Таъкидланишича, Лукашенко қўлини Конституцияга қўйиб, Беларус тилида қасамёд келтирган. Шундан кейин давлат мадҳияси янграган. Президент қасамёд қабул қилгани тўғрисидаги актни имзолаган ва МСК раисидан президент гувоҳномасини олган.
Бу Лукашенконинг президент лавозимидаги еттинчи муддати. Олдинроқ МСК январ ойидаги президентлик сайловлари натижасини тасдиқлаган эди. Унда Лукашенко ўзи учун рекорд даражада сайловчилар овозини тўплаган — 86,82 фоиз. 2020 йилги сайловларда Александр Лукашенко 80,1 фоиз, 2015 йилда — 83,47 фоиз, 2010 йилда — 79,65 фоиз, 2006 йилда — 83 фоиз, 2001 йилда — 75,65 фоиз, 1994 йилда — 80,34 фоиз овоз тўплаганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар