05:30 / 26.03.2025
1 098

Зеленский АҚШнинг Украина ва Россия билан келишув тафсилотларини ошкор қилди

Зеленский АҚШнинг Украина ва Россия билан келишув тафсилотларини ошкор қилди
Володимир Зеленский Саудия Арабистонидаги учрашувлар натижасида АҚШ делегациясининг Украина ва Россия вакиллари билан эришган келишувларида муайян фарқлар борлигини маълум қилди, деб ёзмоқда Unian.

Украина президентига кўра, Саудия Арабистонидаги учрашувлар якуни бўйича иккита баёнот эълон қилинади: бири – Украина ва АҚШ ўртасидаги келишувлар натижасига, иккинчиси эса АҚШ ва Россия делегациялари учрашувига оид. Ушбу баёнотлар орасидаги асосий фарқ бешинчи бандда акс этган.

«Биз энг аввало, денгизда тинчлик ва кемаларнинг эркин ҳаракати бўйича келишиб олдик», — дейди Зеленский.

Украина делегацияси АҚШ томони билан алоҳида учрашувда ўт очишни тўхтатиш масаласини инфратузилмага зарбалар бериш контекстида муҳокама қилган.

«Биз бунга кўп вақт ажратдик. Агар денгизда тинчлик ва кемаларнинг эркин ҳаракати ҳақида гапираётган бўлсак, бу инфратузилмани ҳам қамраб олади. Кўрамиз, бу қандай амалга оширилар экан», — дейди Зеленский.

Келишувларнинг иккинчи банди — энергетика тизимига зарба бермасликни ўз ичига олади. Ушбу келишувга кўра, на Украина ва на Россия бундай ҳужумларни амалга ошириши керак. Шу билан бирга, Украина АҚШга Киев томонидан «стратегик инфратузилма» деб ҳисобланган объектлар рўйхатини алоҳида топширган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш масаласини ҳам кўтарган, бироқ бу банд баёнот матнига киритилмаган.

«Аммо биз бу борада келишиб олдик. Америка томони, умуман олганда, осмондаги ва энергетика борасидаги тинчлик масаласи бошқа фуқаролик инфратузилмасига ҳам тааллуқли деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, энергетикага зарбалар берилмаса, шунинг ўзи катта натижа», — дея таъкидлайди у.

Келишувларнинг учинчи банди – назорат ва мониторингга оид. «Биз Америкадан ташқари учинчи томонларни ҳам жалб қилиш мумкинлигига келишиб олдик Бу ёмон эмас. Масалан, Европа давлатларидан бири ёки Туркия. Денгиздаги вазиятга қараб Яқин Шарқ давлатларидан бирортасини жалб қилиш мумкин», – дейди Зеленский.

Тўртинчи банд АҚШ таклифига кўра, барқарор тинчликни таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

«Яна бир бор таъкидлаймизки, биз шартсиз ўт очишни тўхтатишга тезкор ҳаракат қилишга тайёрмиз. Кейинги босқич эса барқарор ва адолатли тинчликка эришиш йўлида қўйиладиган қадамлар,» – дейди Украина президенти.

Келишувларнинг бешинчи банди Украинанинг АҚШ билан баёнотида ҳам, Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги баёнотда ҳам фарқланади.

«Бизга маълум бўлишича, россияликлар АҚШдан ўзларининг агросаноат секторига, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга ёрдам беришни сўраган. Яъни бу портлар, тарифлар ва шунга ўхшаш масалаларни ўз ичига олади. Биз ушбу банд умумий ҳужжатимизга киритилишига рози бўлмадик. Буни позицияларни заифлаштириш ва санкцияларни юмшатиш деб ҳисоблаймиз», — дейди Зеленский.

Шу билан бирга, унинг айтишича, мазкур банд бўйича барча тафсилотлар маълум эмас, чунки АҚШ ва Россия делегациялари ўртасидаги учрашувда Украина томони иштирок этмаган.

«Бу бизнинг кун тартибимизда йўқ эди. АҚШ томони уни бузди. Умеров мен билан боғланди. Мен бу масала шартсиз ўт очишни тўхтатиш муҳокамасига кирмаслигини айтдим», — дейди Зеленский.

Президентнинг таъкидлашича, ҳатто ҳавода ва денгизда ўт очишни қисман тўхтатиш ҳам Россиянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш олдидаги тўсиқларни олиб ташлашни ўз ичига олмайди.

Бундан ташқари, Украина депортация қилинган ва ўғирлаб кетилган болалар қайтарилиши, ҳарбий ва фуқаролик асирлари алмашинуви ўтказилишини талаб қилмоқда. «Шу боисдан иккита баёнот бўлишига келишиб олинди. Бизнинг баёнотимизда бешинчи банд — Америка болалар, ҳарбий ва фуқаролик асирларини қайтаришга бизга ёрдам беради. Россияда эса ўзлари келишган нарса бўлади», — дея таъкидлайди Украина президенти.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг