22:58 / 26.03.2025
684

"Қонимизга пул тикишяпти”: ғазоликлар ҲАМАСни ҳайдамоқда

"Қонимизга пул тикишяпти”: ғазоликлар ҲАМАСни ҳайдамоқда
Фаластинликлар Ғазода Исроил билан уруш бошлангандан бери ҲАМАСга қарши энг катта норозилик намойишларига йиғилишди. Одамлар уруш тугашини истаб ҳайқирмоқда, ҲАМАСдан чиқиб кетишни талаб қилишяпти. Йиғилганлар ташкилотни “террорчи гуруҳ” деб, “одамларнинг қонига пул тикиш”да айбламоқда.

CNN телеканали эълон қилган видеода кўринишича, одамлар ҲАМАСни “террорчилар, террорчи гуруҳ” деб атаган. “Худо учун ҲАМАС чиқиб кетсин” дея бақиради намойишчилар.

Ниқоб кийган ҲАМАС жангарилари эса қўлида таёқ ва қуроллар билан оммани тарқатишга уринмоқда.

Сешанба куни Байт-Лаҳия кўчасидан бошланган катта намойишлар чоршанба куни ҳам давом этмоқда. Одамлар тинмай “ҲАМАС ташқарига” деб бақиряпти. Маълум бўлишича, 26 март куни Ғазо бўйлаб 9 та ҲАМАСга қарши митинглар режаланган. Ғазо жим эмас, унинг йўқ қилинишини истамайдиган халқлар бор, буни билишсин, дейди йиғилганлар.

ҲАМАС вазият юзасидан муносабатини билдирмаган, лекин унинг тарафдорлари намойишчиларни хоинга чиқарди, деб ёзади BBC.

Ғазо шимолидаги норозилик намойишлари “Исломий жиҳод” жангарилари Исроилга ракета отганидан бир кун ўтиб, Исроилнинг Байт-Лаҳиянинг катта қисмини эвакуация қилишга қарор қилгани фонида бўлиб ўтмоқда. Бу қарор эса одамлар норозилигига сабаб бўлди.

Қарийб икки ойлик оташкесимдан сўнг Исроил Ғазодаги ҳарбий кампаниясини қайта бошлади ва ҲАМАСни АҚШнинг сулҳни узайтириш ҳақидаги янги таклифини рад этганликда айблади. ҲАМАС эса ўз навбатида, Исроилни январ ойида келишилган дастлабки келишувдан воз кечганликда айблади.

Исроил ҳарбий амалиётлари 18 март куни ҳаво ҳужумлари билан қайта бошланганидан бери юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлди, минглаб одамлар уй-жойини тарк этди.

"ҲАМАС пастга тушиб, қайғулиларнинг овозига қулоқ солиши керак, вайроналар остидан кўтарилаётган овоз – бу энг тўғри овоздир”, дейди одамлар.

Уруш бошланганидан бери Ғазода ҲАМАСга нисбатан очиқ танқидлар кўчада ҳам, интернетда ҳам кучайди, бироқ унга содиқ бўлганлар ҳали ҳам бор ва гуруҳни қўллаб-қувватлаш қанчалик ўзгарганини аниқ баҳолаш қийин.

Урушдан олдин ҳам ҲАМАСга қаршилик кайфияти бор эди, аммо бундай одамларнинг аксарияти қатағонлардан қўрқиб яширинган.

"Кечирасиз, лекин ҲАМАС айнан нимага пул тикмоқда? Улар бизнинг қонимизга пул тикмоқда. Бизни бутун дунё шунчаки рақамлар деб билади”, деб ёзади ғазолик Муҳаммад ал-Нажжар ўзининг Facebook саҳифасида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, урушда ҳалок бўлганлар сони 50 мингдан ошиб кетгани боис одамлар намойишга чиққан. 17 ойдан бери давом этаётган уруш аҳолининг тинкасини қуритди, Ғазони вайронага айлантирди. Қарийб 70 фоиз бинолар бутунлай вайрона бўлгани тасдиқланган. Устига устак халқаро ёрдам ташкилотларининг ҳам қўли калта, Ғазогача гуманитар юкларни етказиш амримаҳол. Ҳудуд аҳолиси деярли тўлиқ шу инсонпарварлик юклари ҳисобига кун кечирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг