01:26 / 28.03.2025
3 379

Австрия ва АҚШ билан миграция соҳасида ҳамкорлик: ўзбекистонликлар учун янги имкониятлар

Австрия ва АҚШ билан миграция соҳасида ҳамкорлик: ўзбекистонликлар учун янги имкониятлар
Ўзбекистон меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда давом этмоқда. Германия ва Франциядан сўнг, Австрия ҳам Ўзбекистон билан меҳнат миграцияси бўйича битим имзолашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ўзбекистонлик тиббиёт мутахассислари учун АҚШ ва Қатарда ишлаш имкониятлари кенгаймоқда.

Австрияда ишлаш имкониятлари

Миграция агентлиги маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агентлик, Ташқи ишлар ҳамда Ички ишлар вазирликлари вакиллари Австрия расмий идоралари билан музокаралар ўтказмоқда.

Учрашувларда меҳнат миграциясини ривожлантириш, ўзбекистонлик фуқароларни Австрияга юқори маошли ишларга жойлаштириш, шунингдек, икки давлат ўртасида Ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Австрия Федерал савдо-саноат палатаси жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда ваколатхона очади. Бунинг доирасида Австриядан йирик иш берувчилар иштирокида “Меҳнат форуми”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳамширалар АҚШ ва Қатарда ишлаш имконига эга

Яна бир муҳим янгилик — Ўзбекистонлик тиббиёт мутахассислари АҚШ ва Қатарга ишга жўнатилиши мумкин.

АҚШда 2030 йилгача 1 миллиондан ортиқ ҳамшираларга талаб бор. Шу муносабат билан Миграция агентлиги ва New Future Success Academy ўртасида келишув имзоланди. Бу жараёнда ўқув дастурлари ташкил қилиниб, номзодлар АҚШда ишлаш учун зарур билим ва малакага эга бўлишади.

Қатар ҳам ўзбекистонлик ҳамшираларни ишга таклиф қилмоқда. Ҳозирча 10 та иш ўрни мавжуд, маош ойига 2750 доллар. Иш уч сменали бўлиб, ҳафтасига 48 соат, 6 кунлик графикда амалга оширилади. Номзодлар 18−50 ёшда бўлиши, тиббиёт соҳасида 2 йиллик иш стажига эга бўлиши ва инглиз тилини мукаммал билиши керак.

Мигрантларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни

2018—2023 йилларда Ўзбекистонда аҳоли даромадларининг 16 фоизи меҳнат мигрантларига тўғри келган. Ҳар йили чет элларда ишлаётган юртдошлар Ўзбекистонга 12−15 миллиард доллар маблағ юборишади, бу эса мамлакат иқтисодиёти учун муҳим манба ҳисобланади.

Ўзбекистон меҳнат миграцияси соҳасида Германия, Франция, Австрия, АҚШ ва Қатар каби давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Австрия билан битим имзоланиши, АҚШ ва Қатарда ишлаш имкониятлари фуқароларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу эса нафақат юртдошларимиз учун, балки Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳам ижобий самара беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг